Бош вазир Абдулла Арипов 2 февраль куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган Евросиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида сўзга чиқди.

Тадбирда бир қатор ҳукумат раҳбарлари, хусусан, Беларусдан Роман Головченко, Қозоғистондан Алихан Смаилов, Россиядан Михаил Мишустин, шунингдек, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Адилбек Қосималиев иштирок этди.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Евросиё иқтисодий комиссияси билан тузилган 2021−2023 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси тўлиқ амалга оширилгани, бунинг натижасида «янги ўсиш нуқталари ва иқтисодий шерикликни янада ривожлантириш имкониятлари шаклланганини» таъкидлади.

«Биз келгуси давр учун Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқининг кўп томонлама дастур ва лойиҳаларида амалий иштирокини кенгайтиришни назарда тутувчи янги дастурий ҳужжатни шакллантиришни бошлашни таклиф қиламиз», — деди Абдулла Арипов.

Бош вазир Ўзбекистон ЕОИИнинг трансчегаравий тартиб-қоидалар ва мультимодал транспортни соддалаштириш, иқлим кун тартиби ва электрон тижорат соҳасидаги саноат лойиҳаларига қўшилганини эслатиб ўтди.

«Ўзбекистон учун ЕОИИ билан кузатувчи мақомида ўзаро ҳамкорликнинг реал натижаларига эришишни таъминлаш муҳимлигини таъкидламоқчиман», — деди Абдулла Арипов.

Бош вазир ўз нутқида, шунингдек, ЕОИИ мамлакатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг эркин савдо режимининг тўлиқ амал қилишини таъминлашни таклиф қилди.

«Яшил йўлакларнинг тўлиқ ишлашини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тариф ва нотариф тўсиқларсиз эркин савдосини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш тўғрисида тегишли вазирларимиз даражасида маслаҳатлашувлар ўтказишни таклиф қиламиз», — деди Абдулла Арипов.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатларининг бу борадаги ўзаро ҳамкорлик даражаси «ҳали ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги таҳдидига тезкор жавоб бериш имконини бермайди».

Абдулла Арипов, шунингдек, Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги халқаро ташувларда товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон маълумотлар алмашинуви ҳақидаги ҳужжатни имзолашни таклиф қилди.