«Пахтакор» академияси тарбияланувчиси Муҳаммадали Ўринбоев Англиянинг «Брентфорд» клубига ижарага берилди. Бу ҳақда клуб ахборот хизмати хабар қилди.

«Ўзбек футболи тарихида биринчи бор ўзбек футболчимиз Ўзбекистондан Англияга тўғридан-тўғри йўл олди!», — дейилади клуб хабарида.

Клублар ўртасидаги келишувга мувофиқ, у 30 июнга қадар «Брентфорд»да ижарада асосида ўйнайди. Ушбу муддатдан кейин эса Англия клуби Муҳаммадалини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ўринбоев «Пахтакор»да 17 ёшга тўлмасдан ўз дебютини ўтказган ва ўз ёш тоифасида терма жамоа аъзоси саналади.

«Шу тариқа иқтидорли футболчиларни етиштириб чиқаришда давом этаётган „Пахтакор“ академиясининг навбатдаги тарбияланувчиси ҳам хориж чемпионатига йўл олди. Ҳозиргача Англиянинг профессионал клубларида ўзбек футболчиси фаолият олиб бормаган», — дейилади хабарда.

«Брентфорд» клуби Англия Премьер-лигасида 21 та ўйиндан (6 та ғалаба, 4 та дуранг, 11 та мағлубият) сўнг 22 очко тўплаб, 15-ўринда кетмоқда.