АҚШнинг Флорида штати Марказий округи прокуратураси АҚШ фуқароси Абдувосит Разиқов (44 ёшда) ва Ўзбекистон фуқароси Дилрабо Обидовани (35 ёшда) иммиграцион фирибгарлик ва АҚШ ҳукуматини алдашда айбламоқда. Бу ҳақда прокуратура сайтида айтилади.

Улар, жумладан, федерал идораларга ёлғон кўрсатмалар бериш, иммиграция имтиёзларини олиш, АҚШ паспорти олиш учун ариза тўлдиришда ёлғон маълумотлар бериш ва АҚШ паспортини ноқонуний равишда олиш мақсадида кўп йиллар давомида тил бириктириб келишда айбланмоқда.

Шунингдек, Разиқов ва Обидова паспорт фирибгарлиги билан боғлиқ бир нечта ҳолатда айбланмоқда, Обидова эса, бундан ташқари, федерал идораларга ёлғон маълумотлар берганликда ва ноқонуний равишда АҚШ фуқаролигини олишга уринишда гумонланмоқда.

Айблов хулосасига кўра, аслида Ўзбекистон фуқароси бўлган Разиқов АҚШ фуқароси билан сохта никоҳ қуриш орқали аввалига иммигрант мақомини, кейинчалик эса АҚШ фуқаролигини олган.

Прокуратура маълумотларига кўра, Разиқов ва Обидова аёл ҳам АҚШ фуқароси билан сохта никоҳ қуриш орқали иммиграция имтиёзларини олиши учун ўзаро тил бириктирган. Айни пайтда Разиқов ва Обидова яширинча турмуш қурган ва буни миграция идораларидан яширган. Эр-хотин фарзандларининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларида Обидованинг сохта эрини болаларнинг отаси сифатида ҳам кўрсатган. Якунда иккиси ҳам Разиқов ва фарзандлари учун АҚШ паспорти олиш бўйича ёлғон маълумотлардан иборат аризалар топширган.

Қўшма Штатларда қонуний равишда доимий резидент бўлганидан сўнг, Обидова АҚШ фуқаролигини олишга ҳам ҳаракат қилган. Айблов хулосасида айтилишича, аёл фуқароликка қабул қилиш аризасида келиб чиқиши, никоҳ ҳолати ва иммиграция мақомини олишга уринишлари ҳақида кўплаб ёлғон маълумотлар берган.

Агар Разиқов ва Обидова айбдор деб топилса, улар жиноий тил бириктиргани учун 5 йилгача, паспорт олишдаги фирибгарлик учун эса 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Шунингдек, Обидова федерал идораларга ёлғон кўрсатма бергани учун 5 йил, АҚШ фуқаролигини ноқонуний олишга урингани учун 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.