«Газета.uz» 2024 йил 1 февралдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Айрим маҳсулотларга ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерлари мавжуд бўлиш талаби қўйилади.

Президентнинг 2024 йил 10 январдаги қарори билан Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда айрим маҳсулотлардан уларнинг сифати, хавфсизлиги ҳамда сервис кафолатини таъминлайдиган ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерлари мавжуд бўлиши талаб қилинади.

Бунда ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерларнинг сервис хизмати мавжуд бўлиши керак.


2. Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлганларга кафолатланган ижтимоий хизматлар ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси асосида кўрсатилади.

Президентнинг 2023 йил 27 декабрдаги қарори билан «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестри юритилиши белгиланган.

Ушбу реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ёрдам ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси асосида кўрсатилади.


3. Ичимлик суви лойиҳалари доирасида ускуна ва жиҳозлар фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилинади.

Президентнинг 2023 йил 24 октябрдаги қарорига кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги лойиҳалар доирасида қурилиш материаллари, ускуна ва жиҳозлар фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинади.


4. Касаначиликда янги иш бошлаётган хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилади.

Президентнинг 2023 йил 21 декабрдаги қарорига кўра, касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишида янги иш бошлаётган хотин-қизлар учун тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш, такомиллаштириш ҳамда уларга услубий ёрдам бериш мақсадида таълим ташкилотларида тажрибали касаначи ва ҳунармандларни жалб этган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилади.

Бунда таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир битирувчи хотин-қиз учун сарфланган ўқитиш харажатларининг 70 фоизи, бироқ БҲМ нинг 5 баробаридан ошмаган қисми давлат томонидан қоплаб берилади.


5. Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги жорий этилади.

Президентнинг 2024 йил 23 январдаги қарори билан қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаш ва қўшимча рағбатлантиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилади.

Рейтинг доирасида тадбиркорлар қуйидаги тоифаларга ажратилади:

  • «ААА», «АА» ва «А» тоифалар — юқори барқарорлик рейтинги;
  • «ВВВ», «ВВ» ва «В» тоифалар — ўрта барқарорлик рейтинги;
  • «ССС», «СС» ва «С» тоифалар — қониқарли барқарорлик рейтинги;
  • «D» тоифа — қуйи барқарорлик рейтинги.

Мавзуга доир: Тадбиркорлар рейтинги қандай тузилади? Мезонлар


6. Айрим нафақа миқдорлари оширилади.

Президентнинг 2024 йил 31 январдаги фармони билан қуйидаги нафақалар миқдори 621 минг сўм этиб (илгари 608 минг сўм эди) белгиланди:

  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса фуқароларга нафақа;
  • иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда;
  • ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига нафақа;
  • боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа (кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун — 212 000 сўм);
  • боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори.

7. «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди.

Қонун билан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланди.

Унга кўра, педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади. Умумий ўрта таълим ташкилотида илк бор касбий фаолиятини бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига мураббийликни амалга ошириш учун тажрибали педагог бириктирилади.

Қонунга кўра, жумладан, қуйидагилар тақиқланади:

  • педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш;
  • педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, шу жумладан битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш;
  • педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш.