Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 30 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда вилоятдаги айрим тиббиёт бирлашмалари бош шифокорларини танқид қилиб, уларни ишдан бўшатишни буюрди.

Унинг айтишича, Ангрен, Оҳангарон, Бекобод, Бўстонлиқ, Қибрай, Қуйи Чирчиқ, Оҳангарон, Пскент, Чиноз ва Янгийўл туманлари тиббиёт пунктлари бош шифокорлари маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқарувчилари билан шартнома тузмаган.

«Буларга импорт дори керак фақат. Нимага келдиларинг йиғилишга? Давлат раҳбарининг мурожаатларига қараб, эшитиб, қанча муҳокама бўлгандан кейин нима ҳақларинг бор [буйруқни] бажармасликка сизларнинг? Ким сизларга бунақа ваколат берди? Шунчалик ҳам ноинсофмисизлар, инсофдан чиқиб кетганмисизлар?» — сўради вилоят ҳокимлиги раҳбари.

У ўзининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Султонбековга «ҳаммасининг аризасини олиш»ни (ишдан бўшатиш тўғрисидаги) буюрди.

Шунингдек, вилоят ҳокими Иқтисодиёт ва молия бошқармаси раҳбариятига ишчи гуруҳ тузиб, бош шифокорлар кимлар билан шартнома тузгани, хориждан келтирилган дори-дармонларни қандай нархда харид қилаётганини ўрганиш бўйича топшириқ берди.

«Нимага импорт дорига шартнома қилади, ўзимизники ёқмайди буларга? Нимага буларнинг фикри бузуқ? Баҳо берасизлар. Мен сизга прокуратурадан ҳам, [Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш] департаментидан ҳам, солиқдан ҳам… одам қўшиб бераман. Оффшор фирмалардан, „обнал“ фирмалардан дори олаётганинглар тўғрисида билмайди, деб ўйлайсизларми? Билмайди, дейсизларми?» — сўзини давом эттирди Зойир Мирзаев.

Тошкент вилояти раҳбари нега бош шифокорлар «халққа хиёнат қилиб, касалнинг ҳақидан кун кўраётганидан» ҳайрон бўлди.

«Буларнинг ҳаммаси «саботажник»! Мен ҳали вилоят тиббиёт муассасаларини ҳам [текшираман]… Менга бўйсунуви (тиббиёт ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлигига бўйсунади — таҳр.), бошқасининг фарқи йўқ, республика бўлсин ёки филиалми, «территория»да ўтирибдими — талаб қиламан. Тушунтиролдимми? Ҳаммасининг аризасини оласиз ҳозир» — деб топшириқ берди у.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, кўрсатилган бош шифокорлар ўз лавозимларига мос келадими, деган савол билан Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиш зарур. Зойир Мирзаев раҳбарлик лавозимларига «ватанпарварлар» керак, деб ҳисоблайди.

«Раҳбаримиз айтганларидек, тажрибаси бўлмаса ҳам, Ватанни яхши кўрса, ватанпарвар бўлса, манави юраги салгина Тошкент вилояти учун ёнадиган бўлса, ўшани қўямиз. Кеча институтни битириб келган бўлса ҳам майли — фикри тўғри бўлиб, бузилиб улгурмаган ҳали» — деди у.

Зойир Мирзаевнинг айтишича, вилоятда 5700 дан ортиқ шифокор рецепт ёзади. «Мисол учун, мана, Пскент тумани тиббиёт бирлашмаси ҳирург ва терапевт „врачлари“ томонидан ҳанузгача 8−10 тагача дори воситаси ёзиб берилаётгани аниқланди. Рекорд Пскент… Қаердан келяпти 8 та дори? Оддий касал ҳам билади касалхона атрофида жойлашган дорихона кимга тегишлилигини», — дейди у.

Вилоят раҳбари прокурордан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент, Ички ишлар вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Иқтисодиёт ва молия бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ходимлари билан биргаликда Пскент ва Чиноз туманларини текширишни сўради.

У, шунингдек, «Дори-дармон» акциядорлик жамияти вилоят филиали раҳбарига ҳайфсан берди.

Зойир Мирзаевнинг айтишича, бош шифокорлар тиббиёт муассасаси ҳудудини назорат қилмайди. «Ўзи ҳам емайди, бировга ҳам бермайди, ҳеч нарсага тегмайди. Янтоқ ҳам ўсиб ётаверади, дарахт ҳам қуриб ётаверади, „брусчатка“ дабдала бўлган, асфальт қўпорилиб кетган. Ҳеч нарса қилмайди, шундай битта йўлдан киради жаноб „главврач“, ўша йўлдан қайтиб чиқади. Бошқа йўлга юрсалар, оёқлари қайрилиб қолади. У одам узоқ яшайди, ҳеч нарса қилмаган одам узоқ яшайди… Бундан халққа нима наф?» — деди у.

Ҳоким бош шифокорлар ишига ҳақиқий баҳо бериш мақсадида жамоат гуруҳлари билан биргаликда шифохоналарга бориб, ишчилар ва беморлар ўртасида сўров ўтказмоқчи эканини айтди. У шифокор томонидан кўрсатилган барча дорилар шифохонанинг ўзида бўлиши кераклигини таъкидлади.

Видео