1 апрелдан Ўзбекистонда «Ташаббусли бюджет» доирасидаги лойиҳаларни маҳалла раиси ва ташаббускорлар кўриб, розилик бергандан кейин фойдаланишга қабул қилиш режалаштиримоқда. Бу «Ўзбекистон-2030» стратегиясининг 2024 йилга мўлжалланган режалари қаторидан ўрин олган.

Унда келтирилишича, маҳаллани жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги «таянч кўприк»ка айлантириш мақсадида 2024 йил апрель ойидан бошлаб «Ташаббусли бюджет» доирасидаги лойиҳалар ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга қабул қилиш тартиби жорий этилади.

Қолаверса, 1 мартдан лойиҳаларга овоз беришда соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида «Бир фуқаро — бир овоз» тизими жорий этилиши мумкин. Бунда Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази овоз бериш жараёнида фуқароларни идентификациядан ўтказиши режалаштирилган.

1 августга қадар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, яъни маҳаллалар ташаббусли бюджет бўйича бажарилаётган лойиҳалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан маълумотлар олиши учун имкон яратилиши мақсад қилинган. Бундан ташқари, лойиҳаларга маблағларни ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини талаб қилиш ҳамда лойиҳалар амалга оширилишини жамоатчилик томонидан мониторинг қилиш имконияти яратилиши мумкин.

Мазкур вазифани бажариш иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров ва Маҳаллалар уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев зиммасига юклатилган.

«Юксалиш» ҳаракатининг мониторинги давомида 2022 йилда «Ташаббусли бюджет»да ютган 50 дан ортиқ лойиҳада ишлар сифатсиз қилингани, тўлиқ молиялаштирилмагани ва якунига етмагани аниқланганди.

Маълумот учун, «Ташаббусли бюджет»нинг 2024 йилги илк мавсуми 1 февралдан бошланади. Бу мавсум учун 3 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.