Ўзбекистон 150 миллион долларга Хитойдан электр тез тиббий ёрдам машиналари сотиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасида маълумот берилди.

Ўтган ҳафта Шэньчжен шаҳрида бўлиб ўтган инвестицион форумда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хитой Савдо-саноат палатаси ва Henan Costar Group ўртасида тез тиббий ёрдам хизмати учун электромобиллар харид қилиш бўйича келишув имзоланган.

«Бу IVECO энг замонавий электромобиль, битта «зарядка»да 450 километргача юради. Ёқилғи мойлаш масаласида 10 баравар тежамкор. Бу автомобиль барча замонавий ускуналар, биринчи ёрдам жиҳозлари, электрокардиографлар билан жиҳозланган ва намликка, иссиққа чидамли ҳисобланади. Хизмат қилиш даври жуда катта», — дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази бош директори Абдувоҳиджон Ғафуров.

Хитой электромобиллари Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида синовдан ўтганидан сўнг инвестиция асосида сотиб олинади. Келишув доирасида Henan Costar Group компаниясининг электромобилларга хизмат кўрсатиш ва модификациялаш бўйича заводини очиш режалаштирилган.

«Бизнинг буюртмамизга асосан хитойлик ҳамкорларимиз мана шу [сиз] кўриб турган иҳчам автомобилни бизга яратиб берди… Шу кичкина автомобиль битта катта реанимобилнинг вазифасини бажаради. Бир кунда 15 тадан 25 тагача чақирув бажара олади… [Тез ёрдам чақирувларининг] 85 фоизи енгил чақириқлар ва ушбу енгил чақириқлар худди шундай „докторимиз“ борадиган бригадаларга узатилади», — деди Ғафуров.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги 2019 йилда Henan Costar Group компанияси билан биргаликда умумий қиймати 11,9 миллион долларлик «Тошкент тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш» лойиҳасини амалга оширишни бошлаган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Хитой компаниялари ва молия институтлари билан давлат-хусусий шериклик асосидаги грант лойиҳаларига 500 миллион доллар инвестиция киритишга келишиб олди.

«500 миллион долларлик шартномаларимизга тўхталадиган бўлсак, асосийси бу — бизнинг бирламчи тизимимизда қурилиш ишларини замонавий талаблар асосида замонавий кўринишга келтириш. Иккинчи йўналишимиз… ҳудудлардаги мураккаб тиббий жиҳозларни модернизация қилиш. Учинчи йўналишимиз фармацевтика соҳасида — янги, замонавий талаблар асосида ишлаб чиқаришни Ўзбекистонда йўлга қўйиш», — деди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фарҳод Тошпўлатов.

china camc engineering, henan costar group, snibe diagnostic, соғлиқни сақлаш, тез ёрдам учун электромобиллар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, China CAMC Engineering компанияси билан ҳам оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари қуриш бўйича меморандум имзоланган.

Яна бир грант шартномаси Хитойнинг диагностика соҳасидаги етакчиларидан бири бўлган Snibe Diagnostic компанияси билан имзоланди. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда ушбу компаниянинг анализаторлари ва сарф материалларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Snibe Diagnostic Ўзбекистон томонига грант асосида қиймати 5 миллион долларлик 50 дона замонавий диагностика лаборатория жиҳозларини тақдим этади, шунингдек, 5 миллион долларлик яна бир грант ҳисобидан сервис марказлари ва ўқув дастурларини яратади.