Ўзбекистонда февраль ойи январь ойи ва одатдагидан нисбатан 2−2,5 даражага, тоғларда 1−1,5 даражага илиқроқ бўлади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги матбуот хизмати.

Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда, баъзи жойларда меъёрдан 1−1,5 даражага юқори бўлиб, +2…+4 даражани, шимолда −2…+1 даражани, жанубда +6…+8 даражани ташкил этади.

Февралнинг боши нисбатан совуқ бўлади. Биринчи беш кунликда ҳаво ҳарорати асосан кечалари 0…-5 даража, кундуз кунлари −2…−7 даража, баъзи жойларда 0…-2 даражагача бўлади. Ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик 1 февраль ва 4 февраль кунлари республиканинг марказий ва шарқий вилоятларида, 3 февралда жанубий вилоятларида кузатилади.

Иккинчи беш кунликда ҳарорат кечалари 0…+5 даражагача, кундуз кунлари +8…+13 даражагача кўтарилади. 7−8 февраль кунлари асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Кейинчалик ойнинг охиригача ҳарорат кечаси +2…+7 даражадан −2…−7 даражагача, кундуз кунлари +13…+18 даражадан +2…+7 даражагача, шимолда кечалари 0…+5 даражадан −7…−12 даражагача, кундуз кунлари +11…+16 даражадан 0…+5 даражагача ўзгариб туради.

Февраль ойида ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда, дейилади хабарда.

Ўзбекистонда февраль ойи одатда қандай ўтади?

Февраль ойида кўпинча баҳорий илиқ об-ҳаво даврлари кузатилади. Умуман олганда, 2004, 2016 ва 2021 йилларнинг февраль ойлари энг иссиқ бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳарорат иқлимий меъёрдан 3−6 даражага кўп бўлган. Айрим даврларда ҳаво ҳарорати +22…+27 даражагача, жанубда +28…+30 даражагача кўтарилган.

Хусусан, республика ҳудудининг катта қисмида 2016 йил февраль ойида Ўзбекистонда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг юқори максимал ҳарорат бўлган. 2021 йил февраль ойида бундай илиқ об-ҳаво биринчи ва иккинчи ўн йилликларда сақланиб турган, ойнинг охирги ҳафтасида эса ҳарорат −10…−15 даражагача пасайган.

2008, 2012 ва 2014 йилларнинг февраль ойлари энг совуқ бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 4−8 даражага паст бўлган. Минимал ҳаво ҳарорати −12…−17 даражагача, шимолда −24…−29 даражагача пасайган. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида бу совуқлар тарихий кузатув қаторлари учун энг паст кўрсаткичлар билан таққосланганда нисбатан кучсиз бўлди, бундай кучли совуқлар сўнгги йилларда февраль ойида кузатилмади, дейди синоптиклар.

Фақат Сурхондарё вилоятида 2014 йил февраль ойида минимал ҳаво ҳарорати −20…−22 даражагача пасайган, бу эса барча кузатув йиллари учун минимал ҳарорат рекордини янгилаган.

Маълумотларга кўра, республика ҳудудининг катта қисмида бутун куз-қиш даври давомида февраль ойи ёғингарчилик энг кўп бўладиган ой деб ҳисобланади. Бироқ ёғингарчилик миқдори ҳамда ҳарорат тартиби бўйича февраль ойи жуда турлича бўлиши мумкин.

Мисол учун, 2016 йил февраль ойи энг қуруқ (аномал қуруқ) бўлган. Барча ҳудудлар бўйича ёғингарчилик ойлик меъёрдан 20 фоизга кам бўлган. Ҳудуднинг катта қисмида 2010 йил февраль ойида ёғингарчилик энг кўп бўлиб, бунда ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрга нисбатан 200 фоиздан 300 фоизгача бўлган.

Текислик ҳудудларида февраль ойида ёғингарчилик асосан аралаш (ёмғир, қор) кўринишда бўлади, аммо қор қоплами камроқ шаклланади. Қор қоплами билан кузатилган энг узун давр 2008 йил февраль ойида кузатилган. Қор қоплами кузатилган кунлар сони 20−25 кунни, жанубий ҳудудларда 8−15 кунни ташкил этган.