Ўзбекистонда 2024 йилда 450 минг дона енгил автомобиллар ишлаб чиқаришга эришиш мақсад қилинмоқда. Бу мақсад 2024 йилга оид давлат дастурига киритилган.

Давлат дастури лойиҳасига кўра, 2030 йилгача енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини 1 млн донага етказиш дастурини амалга ошириш доирасида 2024 йилда қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилган:

  • Маҳаллий автомобилсозлик саноатида барча мавжуд ва янги ишлаб чиқарувчиларга шаффоф ва тенг шароитларни яратиш;
  • Жиззах вилоятида Хитойнинг BYD компанияси билан ҳамкорликда 10 мингта электромобиль ва гибрид автомобилларини тўлиқ циклда ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш;
  • Маҳаллий автомобилсозлик корхоналари томонидан 2024 йилда 450 минг дона енгил автомобиллар ишлаб чиқаришга эришиш;
  • 2024 йил майгача Жиззах вилоятида ADM Jizzakh корхонаси негизида Кореянинг KIA бренди остида автомобилларни тўлиқ циклда ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш;
  • Андижон вилоятида «Металл буюмларни қуйиш замонавий цехини ишга тушириш» лойиҳасининг 2-босқичини ишга тушириш.

Шу билан бирга Onix ва Tracker автомобилларининг маҳаллийлаштириш даражасини ўртача 55 фоизга, миллий трактор — камида 35 фоизга, осма техника ва тиркамалар — 60 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Ушбу мақсадларни амалга оширишга «Ўзавтосаноат» АЖ (Улуғбек Розукулов) масъул этиб белгиланди.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2023 йилнинг 11 ойида 355 мингдан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарилгани хабар қилинганди.