— Тошкент ва умуман Ўзбекистондаги ҳозирги экологик вазиятни қандай баҳолаган бўлардингиз?

— Вазир сифатида айтадиган бўлсам, албатта, аҳволимиз яхши эмас. Бунинг муайян сабаблари ҳам бор. Аввало, тезкор иқтисодий ўсиш жараёнида биз экологик қонунчилигимизни, экологик талабларни ўз вақтида жой-жойига қўйишга улгурмадик, деб ўйлайман. 2023 йил бошида шу лавозимга тайинланганимдан бери Экология вазирлиги кўплаб қонунчилик ҳужжатларини ҳозирги замон талабларига мослаштиришга ҳаракат қилмоқда, бунинг учун хорижий тажрибалар ўрганиляпти. Лекин ҳозирги аҳволимиз унча яхши эмас. Таъкидлаб ўтганим иқтисодий ривожланиш билан бирга совет даврида қурилган кўплаб корхоналарнинг ресурслари, ўша даврда ўрнатилган чанг ёки турли зарарли моддаларни ушлаб қолувчи ускуналар эскириб кетган. Замон ўзгарган, ҳозирги талаблар умуман бошқача.

Яна бир сабаб — аҳоли даромадлари кўпайиб, одамлар зарарли моддаларни эмиссия қилувчи ускуналар, техникалардан борган сари кўпроқ фойдаланмоқда. Автомобиль дейсизми, кондиционер дейсизми — ҳаммасининг ҳам экологияга зарари бор. Мисол учун, авваллари ҳаммада ҳам кондиционер бўлавермасди, ҳозир эса деярли ҳар бир уйга 2−3 тадан ўрнатиляпти. Ёки хонадонларда камида битта, имконияти каттароқларда эса иккитадан машина бор. Уларнинг ҳам аксарияти, афсуски, эски, Аи-80 бензинида ишлайдиган двигателли. Бундай двигателлар эса атмосферага жуда катта миқдорда зарарли моддаларни чиқармоқда.

Қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ сабабларни ҳам санаб ўтсак бўлади. Масалан, айрим ҳудудларда чўлланиш кузатилмоқда. Ўша ерлардан кўтарилган чанг йирик шаҳарларимиз, жумладан, Тошкентга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Қозоғистондаги аввал қишлоқ хўжалиги учун фойдаланилган, аммо бугунги кунда деградацияга учраган ҳудудларда ҳам чанг бўронлари кўпаймоқда, бунинг ҳам бизга салбий таъсири бор. Қонунчилигимизда чорва боқишнинг тегишли тартиблари ишлаб чиқилмагани, жараён назорат қилинмагани ҳам, минг афсуски, тоғли ҳудудларимиздаги, чўл ҳудудларимиздаги яйловларга ўз таъсири кўрсатмоқда. Совет даврини оладиган бўлсак, у вақтларда яйловлар карта-карта билан бўлинган-да, чорва бир йили бир картада боқилса, кейинги 2−3 йил у ердаги яшил қоплам қайта тикланиши учун шу картага дам берилган. Ҳозир эса, минг афсуски, бу борада ҳеч қандай қонунчилик тартиби йўқ.

Айтмоқчиманки, экологик вазиятга таъсир қилувчи омиллар жуда ҳам кўп. Уларнинг ҳаммасини бирма-бир ўрганиб чиқиб, бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан тартибга келтириш жараёни кечмоқда, жуда кўп ҳужжатлар устида ишлаяпмиз. Лекин ҳар бир ҳужжат чиқарилишидан олдин, албатта, таҳлил қилинади, ўрганилади, тегишли вазирлик, идоралар билан келишилади. Бу жараён, табиийки, вақт олади.

азиз абдуҳакимов, экология, экология вазирлиги, ҳаво ифлосланиши

— Юқорида санаб ўтганларингиздан бошқа сабаблар ҳам борми? Экология вазирлиги яқинда эълон қилган сабаблар рўйхатида, масалан, кўмир, мазут каби омиллар ҳам бор эди. Шулар ҳақида ҳам батафсилроқ маълумот берсангиз.

— Биз энди ўрганишга киришдик. Тошкентни оладиган бўлсак, очиғини айтиш керак, ўтган йилларда шаҳарнинг яшиллигини йўқотганмиз — йўқотдик, деб айтса ҳам тўғри бўлади, менимча. Шаҳарда мониторинг ўтказиб, ҳисоблаганимизда, бизнинг ҳисобимизда 3,6 миллиондан ортиқ дарахт мавжудлиги маълум бўлди. Ўзимиз яқинда эълон қилганимиздек, 49 мингтаси ноқонуний кесилган ёки зарар етказилган. Бу тахминан 1,5−2 фоиз, дегани. Лекин бу ҳам [кўп], аслида. Негаки, гувоҳи бўляпмизки, одатда энг катта, энг кўп кислород берувчи дарахтлар кесилган. Ўрнига ҳам, фотосинтез нуқтаи назаридан айтадиган бўлсак, барглари кўп дарахтлар эмас, арчалар экилган. Бу ҳам [ҳозирги экологик аҳвол] сабаблардан бири.

Экология вазири этиб тайинланганимдан кейин бу йўналишда жуда қатъий сиёсат юрита бошладик. Очиғини айтганда, авваллари чоралар унчалик ҳам қўлланилмасди, лекин ҳозир рухсат бермаслик, кесилган дарахтлар бўйича қатъий чора кўриш сиёсатини олиб боряпмиз. Дарахтларни кесиш ҳолатлари ҳали ҳам давом этаётгандек кўринаётган бўлиши мумкин, лекин аслида биз бу жараённи деярли тўхтатдик. Негаки, ҳар бир шундай воқеа ОАВда ёритиляпти, ҳар бирига баҳо бериляпти. Авваллари бундай ишларнинг ҳаммаси яширилиб, унча овоза бўлмасди, одамлар билмасди ҳам. Ҳозир эса битта ноқонуний кесилса ҳам одамлар бизга тегишли маълумотларни беряпти, ботимиз ишлаб турибди, инспекторларимиз бориб, дарахт кесувчиларни жазолаяпти, биз бу жараёнларни оммага билдириб боряпмиз. Менимча, бу ишлар профилактик нуқтаи назардан ҳам яхши.

Албатта, «шу билан бизнинг ишимиз битди», деган фикрга келиш керак эмас. Битта эмас, яримта дарахт кесилса ҳам биз, керак бўлса, бутун жамоатчиликни оёққа турғизиб, бунга қарши чиқишимиз керак, деб ўйлайман. Биз шундай ишлар тарафдоримиз, чунки бу жараёнларни шундай қаттиқ ушламасак, ҳаммаси яна эски тизимга қайтиб кетиши мумкин. Ҳозир жамиятда дарахтларни кесишни қабул қилмаслик кайфияти пайдо бўлди. Бу жуда ҳам тўғри, деб ўйлаймиз.

Яна бир сабаб, биз Тошкент атрофида яшил белбоғ яратамиз деб ўз олдимизга мақсад қўяётган даврда, бир ой давомида олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, кўмирда ишлашга ўтган иссиқхоналар тимсолида шаҳар атрофида кулранг белбоғ пайдо бўлиб улгурибди. Яъни, мавжуд 1300 дан ортиқ иссиқхонанинг кўпи кўмир орқали иситишга ўтган. Минг афсуски, улар экспертиза хулосасида кўрсатилган фильтрларни ўрнатмай, кўмир ёқиб, ҳавога тўғридан-тўғри жуда ҳам кўп миқдорда зарарли моддалар чиқишига сабаб бўляпти. Биз шундан келиб чиқиб, доимий равишда рейдлар ташкил қиляпмиз, кўпларига нисбатан молиявий санкциялар қўллаш, огоҳлантириш бериш каби ишлар олиб борилмоқда. Бориб, тушунтиряпмиз.

Бир мисол келтиришим мумкин, Қибрайда машҳур бир санаториямиз бор, одатда у ерда ҳокимларимиз, амалдорлар, давлат хизматчилари соғлиғини тиклайди, дам олади. Менга шу санатория раҳбари телефон қилиб, атрофдаги иссиқхоналарни деб нафас олиб бўлмаяпти, вазият жуда оғир, деб айтяпти. Ўйлашимча, бу эътирозлар ўша ерда даволанаётган ҳокимлар, туман ҳокимлари, ҳоким ўринбосарлари, бошқа амалдорлардан тушмоқда.

Кўмирга ўтилаётгани ҳам экологик вазиятга таъсир қиляпти. Минг афсус, айрим ҳолларда тадбиркорларимиз керакли фильтрларни, керакли ускуналарни ўрнатмаяпти. Албатта, бунинг учун қонунчиликда жазолар белгиланган, аммо, очиғини айтганда, ушбу молиявий санкциялар миқдори ниҳоятда паст. Ҳозирда молиявий санкцияларни 5−10 карра ошириш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланиб, тасдиқлаш учун ҳукумат ва Олий Мажлисга киритилган, яқин кунларда қабул қилиниб, эълон қилинса керак. Ушбу ҳужжат чиққач, аҳолининг ҳам, тадбиркорларнинг ҳам экология эътибори кучаяди, деб ўйлайман.

Дарахтларга келсак, баъзи тадбиркорлар қурилишни бошлашидан аввал экоинспекция келиб жазолаши, молиявий санкция қўллашини ҳисобга олиб, уни сметасига киритиб, «майли, бизга фарқи йўқ, барибир кесамиз, лекин қурилишимизни қиламиз», деб йўл тутган, шундай ҳолатлар ҳақида маълумотга эгамиз. Қонунчиликка эътиборни кучайтириш нақадар муҳимлигини шундан ҳам билиш мумкин. Яъни, қонунчиликда тўғри экологик стандартлар, талабларни белгилай олсак, экологик қонунчиликни бузганлик учун қўлланиладиган санкцияларни тўғри белгилай олсак, вазиятни кескин ўзгартиришга эришамиз.

— 49 мингта дарахт ноқонуний кесилган, дедингиз. Лекин қонуний, рухсат билан кесилган дарахтлар ҳам бор. Уларнинг сони қанча?

Иккинчи савол — молиявий санкциялар бўйича. Уларнинг қиймати оширилгани билан бу тадбиркорларга тўғри таъсир қилармикин? Ёки уларнинг фаолиятини чеклаш ёки еридан фойдаланишни чеклаш каби қўшимча чоралар татбиқ этилиши керакдир, бу бўйича қандай фикрдасиз?

— Жуда ўринли савол бердингиз. Биз дарахтларнинг кесилишига қаршимиз, биз умуман бунга рухсат бермаганмиз, биз фақат жамоат манфаатларидан келиб чиқиб кўчиришга рухсат берганмиз. Лекин бунда ҳам ўзига яраша муаммолар бор — бизда тўғри кўчириш технологиялари бўйича ишлар ҳам охирига етказилмаган, компаниялар бу борада энди-энди иш бошлаяпти, техника олиш керак.

Мана, метро қурилмоқда. Биз бу лойиҳа бўйича жамоат эшитуви ташкил қилдик. Аҳоли, блогерлар, ОАВ қатнашиб, лойиҳага ўзи баҳо берди. Бу билан биз лойиҳага тўғри баҳо бериш, иккинчидан, дарахтлар кўчириладиган бўлса, бунга жамоатчилик муносабати қандай бўлишини олдиндан билиш имконига эга бўлдик. Вазият тушунтирилди — метро қуриллгач, аҳоли жамоат транспорти, метродан кўпроқ фойдаланади, шахсий автомобилга эҳтиёжи камаяди, метро ўтган ҳудуд ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан ривожланади. Бу экология учун, албатта, фойдали. Лекин, тарозининг иккинчи палласида, 1−2 йиллик 300 тача дарахтни кўчириш бўйича хулоса бериш масаласи турганди. Аҳоли вазиятни тўғри баҳолаб, майли, биз розимиз, дарахтларни кўчиринглар, ўрнига метро тушсин, деди.

Аэропортни кенгайтириш лойиҳасида ҳам, йўлларда қулайлик яратиш нуқтаи назаридан ҳам [дарахтларни кўчириш бўйича] рухсатлар берилган. Ёки йирик ишлаб чиқаришларда — корхона ўз ерида дарахтлар эккан, лекин вақти-соати келиб, янги лойиҳа қилиб, ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқчи. Бошқа жойда корхона яратиб бўлмайди, яна бошқа жиҳатлари ҳам бор — бошқа жойга кўчирсангиз, экологияга ундан ҳам кўпроқ зарар бўлади. Лекин бу ишлаб чиқариш иқтисодиётимизга керак. Иқтисодий ўсиш заруратидан келиб чиқиб ўша ердан дарахтларни кўчиришга рухсат берилган ҳолатлар бор. Тахминан, 5 мингта дарахт[нинг кўчириб ўтказилиши]га рухсат берилди, деб айтсак бўлади.

Лекин яна бир нарсани айтишим керак, ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турганимиз — йўлларда машиналар кўпайган — бу ҳам жуда катта муаммо. Бир рақамни келтираман — 2021 йили Ўзбекистон бўйлаб 3 миллион 200 мингтага яқин машина бўлган, ҳозирги кунга келиб бу рақам деярли 5 миллион (4 миллион 700 мингдан ортиқ)га етди. Тошкент шаҳрида ҳар куни тахминан 730 мингта машина ҳаракатланади, бундан ташқари, вилоятлардан келган машиналарни ҳисобга олсак, 160−300 мингга яқин машина ҳар куни пойтахтга кириб-чиқади. Яъни, Тошкентда ҳар куни 1 миллионга яқин машина ҳаракатланади. Уларнинг асосий қисми, минг афсус, Аи-80 бензинида ҳаракатланади. Машиналар сони кўпайгани, йўл ҳаракати тўғри ташкил этилмагани сабабли тирбандликлар кўпаяди. Тирбандликда қолган машина мотори кўп ишлаб, ҳавога янада кўпроқ зарарли моддалар чиқаради. Шу нарсаларни ҳам ҳозирдан ўйламасак бўлмайди.

Жазолар, санкциялар, жарималарга келсак, шу кунгача бир неча катта-катта дарахтларни кесса ҳам 1,8 миллиондан 3 миллион сўмгача жарима тўлаб, қутилиб кетаётган эди. Энди шу миқдор 10 баробар оширилса, ҳар бир дарахт учун 30 миллиондан 100 миллион сўмгача тўлайдиган бўлса, албатта, бу сезиларли жазо бўлади. Эртага манаман деган тадбиркор ҳам кесиш керакми, керак эмасми, балки бошқа йўли бордир деб, бир қарорга келишдан аввал юз маротаба ўйлаб кўради.

Лекин бир нарсани ҳам тушуниш керак — шаҳар ривожланяпти, барибир қачондир жамоат ёки давлат манфаатларидан келиб чиқиб, [дарахтларни кесиш ёки кўчириш] ҳолатлари бўлади. Буни энди ҳар сафар фожиага айлантириш керак эмас. Лекин қатъий талаблар қўйиб — яна такрорлайман — дарахтни кесиш эмас, кўчириш, ўрнига бир неча карра кўп дарахт экиш, тегишли тўловларни тўлатиш каби чораларни йўлга қўйишимиз керак, деб ўйлайман.

азиз абдуҳакимов, экология, экология вазирлиги, ҳаво ифлосланиши

— Эътибор берган бўлсангиз, ёмғир ёғса ҳам IQAir сайтидаги Тошкент ҳавоси сифатини билдирувчи белги қизил бўлиб, «ҳаво зарарли» деб кўрсатади. Аҳоли эса шаҳарда қандайдир куйган ҳид бор, кулнинг ҳиди келяпти, деб мурожаатлар қиляпти. Шу каби ҳолатларнинг сабаблари ўрганиляпти, булар нима билан боғлиқ деб ўйлайсиз?

— Одамлар бу мавзуга қизиқа бошлагани яхши, деб ўйлайман. Авваллари бу ҳақда деярли ҳеч ким гапирмасди. Тўғри, Тошкент ҳавосининг сифати аввалги йилларга нисбатан бузилди, лекин аввал ҳам бу ерда ҳеч қачон, дейлик, Швейцария ҳавоси бўлмаган — шуни ҳам инобатга олиш керак. Лекин, эътибор берган бўлсангиз, охирги 1−1,5 йилдан бери одамларга маълумот бера бошладик. Авваллари ПМ2,5 нима, ПМ10 нима — ҳеч ким эътибор бермасди, IQAir сайтига ҳам мурожаат қилмасди. Ҳозир одамлар бу нарсаларга эътибор бера бошлади ва, ўйлашимча, бу жуда яхши. Масалага умуман эътибор берилмаса, ундан ҳам ёмон бўларди.

Тўғри, одамларда қандайдир ички норозилик пайдо бўляпти, деб айтиш мумкин. Лекин, ўйлашимча, буни тўғри талқин қилиш керак. Аввало, Тошкентдаги ПМ2,5 бўйича энг асосий эмиссия нима билан боғлиқ дейдиган бўлсак, бу Аи-80 бензинида юрадиган шахсий транспорт билан боғлиқ. Яъни, Аи-80 бензини тақиқланадиган бўлса, Аи-90, Аи-92 бензинига ўтиладиган бўлса, олимларимизнинг ҳисоб-китобига кўра, ҳаво сифати 40 фоизга яхшиланади. Бу — факт.

Иккинчидан, ўтган йилги қаҳратондан сўнг бир неча қарорлар қабул қилиниб, Тошкент атрофидаги иссиқхоналар, айрим иссиқлик электр станциялари кўмирга ўтказилди ва бу ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Биз, Экология вазирлиги сифатида бу муаммога қарши кураша бошладик.

Қурилишларнинг кескин кўпайганлиги омили ҳам бор. Қурилишлар бўйича чет эл тажрибасини оладиган бўлсак, ҳар бир қурилиш майдончаси чанг тарқалмаслиги учун сув пурковчи ускуналар билан таъминланиши керак. Лекин бизнинг қурилишларда бундай нарса ҳеч қачон бундай нарсалар бўлмаган, энди янгилик сифатида кириб келяпти. Авваллари қурилиш материалларини ташувчи юк машиналарига талаб йўқ эди, юкхонаси очиқ юрарди. Кимдир сезган бўлса, қонунчиликка ўзгартишлар киритилиб, ҳозир ҳамма юк машиналари ҳавога чанг кўтарилмаслиги учун юкхонасини брезент билан ёпиб юрадиган бўлди.

Лекин [ўзгаришларни] биринчи ўзимиздан бошлашимиз керак. Шахсий транспортга ўрганганмиз — бу ҳам бир сабаб. Мен буни кўп такрорлайман — ҳозир одамлар шунчалик эринчоқ бўлиб қолганки, керак бўлса, қўшни маҳалладаги новвойхонага ҳам машинада бориб келади. Ваҳоланки, бизда жамоат транспорти, велосипеддан фойдаланиш, пиёда юриш маданияти ҳали ҳам бор. Шу нарсаларга яна ҳам кўпроқ эътибор бериш керак, деб ўйлайман.

Яшил қопламларнинг камайиши, сув ҳавзаларининг камайиши, саноат корхоналарининг кўпайиши — ҳаммаси йиғилиб келиб, IQAir’даги кўрсаткичларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Сўзларимга исбот сифатида, бир эслайлик, яқинда, икки-уч ой аввал, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти йиғилиши бўлганида шаҳарда машиналар ҳаракати чекланди. Тоғлар кўрина бошлагани, ҳаво тоза бўлгани интернетда мавзу бўлиб кетди, ҳамма ҳайрон қолди. Нимага? Шу — машиналар ҳаракатланиши камайгани учун.

Шунинг учун, ўйлашимча, биз [ўзгаришларни] биринчи навбатда ўзимиздан бошлашимиз, [масалан,] 80-бензиндан воз кечиш[имиз керак]. Ҳукумат келиб буни тақиқлаши эмас, одамлар ўзи ўйлай бошлаши, камроқ фойдаланиши керак. Чет эл элларда шундай амалиёт бор, жуда кўп қўлланади — шаҳар маркази ҳавосини тоза сақлайлик деган ниятда у ер яшил ҳудуд деб эълон қилиниб, унга фақатгина электромобилда ёки пиёда, ёки велосипедда киришга рухсат берилади.

Ёки машиналарнинг жуфт рақамлилари айрим кунларда, тоқ сонлилари эса бошқа кунларда юришига доир таклиф кўп танқид қилинди — [ваҳоланки,] биз бу билан машиналар сонини 50 фоизга камайтиришга эришамиз. Бу, албатта, кўпчиликка ёқмаслиги мумкин, лекин бу одамларни аста-секин жамоат транспортига ўргатувчи чоралардан бири бўлиши мумкин.

Умуман олганда, пиёда юриш, велосипеддан фойдаланиш имкониятлари бўйича кўчаларимизни кўриб чиқадиган бўлсак, пиёда юриши учун йўлаклар ёки вело-йўлаклар деярли йўқ. Чет элда маҳаллий органлар жуда бир қатъий қарор қабул қилиб, айтайлик, йўлнинг ҳар бир томонига учта полосаси бўлса, икки полосани фақат машиналарга қолдириб, бир полосани тўлиғича велотранспортга ажратади. Нимага биз шуни қилиб кўролмаймиз? Шу нарсаларни ҳам ўйлашимиз керак. Биз бу нарсадан қўрқишимиз керак эмас.

Ёки электромобилга ўтаётган аҳолимизга қўшимча субсидиялар тўғрисида ўйлайлик, енгилликлар тўғрисида ўйлайлик — бошқа давлатларда бу кенг қўлланиладиган амалиёт ва биз ҳозирги кунда тез ривожланаётган давлат сифатида ҳам бундай чораларни кўришимиз керак, булар биз учун қандайдир имконсиз чоралар деб ўйламаслик керак.

— Саволнинг мазутга доир қисмини ҳам эслатиб ўтмоқчи эдим.

— Энди, мазут кўп ишлатилмади. Энг совуқ кунларда, бир неча кун ишлатилди. Ўша кунлари [ҳаво ифлосланишида] унинг таъсири ҳам жуда катта бўлди. Шунинг учун биз мазутни иссиқлик станцияларида, айниқса, йирик шаҳарлар атрофида ишлатишни тақиқлаш бўйича таклиф беряпмиз.

Лекин мазутнинг таъсири қисқа муддатли бўлган. Аммо шу қисқа муддатда ҳам таъсири сезиларли бўлди, деб айтсак бўлади. Ҳозир кўпроқ таъсир қилаётган омиллар, булар — автомобиллар ва иссиқхоналардир. Очиғи, инспекторларимиз ҳар куни менга минглаб расмлар юборади. Биз бир ой аввал ўз ситуацион марказимизни ишга туширдик. Бу ерда ҳамма нарсани кўрса бўлади. Тақиқланганига қарамай, шиналарни ёқиб иссиқхонасини иситаётган тадбиркорлар борлиги ҳақида хабарлар олдик. Бу, албатта, ҳаммамизнинг айбимиз деб ўйлайман. Бундай қилиш мумкин эмаслигини, экологик аҳволимизни тадбиркорларимиз онгига етказишимиз керак. Бу иш экологияга, унинг ўз оиласига ҳам зарар.

Ўзбекистонда бошқа ҳаво йўқ, қайсидир бир тадбиркор бошқа ҳаво билан нафас олади ёки оддий аҳоли бошқа ҳаводан нафас олади, ёки амалдорлар бошқа ҳаво билан нафас олади деган гап йўқ — ҳаммамиз битта ҳаводан нафас оламиз. Бу ҳаммамизга, соғлиғимизга таъсир қилувчи масала, десам ҳам бўлади. Кўп мутахассислар билан гаплашганда савол бераман: «Болаларингиз, невараларингизда ҳозир аллергия кўпайдими?», деб. Деярли ҳамма тасдиқлаб жавоб беради. Нега бундай? Экология бузилгани учун. Экологияга эътибор бу — миллатимиз соғлиғига эътибор. Тўғри, ҳозир кимдир қандайдир қисқа муддатли иқтисодий манфаат кўриши мумкин, лекин келажакда табиатимизга, касалликлар кўпайиши оқибатида аҳолига етказиладиган зарар кўлами каррасига каттароқ бўлади, деб ўйлайман.

— Экология вазирлиги илгари сурган таклифларга ҳам тўхталсак. Баъзиларда вазирлик бу таклифларни одамларнинг эътирозларидан кейингина ишлаб чиқди, деган тасаввур пайдо бўлди. Бу фикр қанчалик тўғри? Бу таклифлар қачон ишлаб чиқилган, эълон қилинишидан аввал қанчалик таҳлил қилинган?

— 2023 йил бошида экология вазири этиб тайинланганимдан кейин чуқур ўрганишларни бошладик, шахсан ўзим ҳам киришишга ҳаракат қилдим, кўплаб материалларни ўргандик ва, ёдингизда бўлса, 2023 йил 31 май куни президент томонидан учта муҳим қарор қабул қилинди. Бу қарорларда ҳаво, тупроқ, сув ва ерости сувларининг экологик ҳолатини яхшилаш нуқтаи назаридан ва чиқиндилар масаласида қилинадиган ишлар аниқ белгилаб берилганди. Бу энди асосий бешта масала.

Бу масалаларни ечиш учун биздаги энг катта муаммолардан бири бу — кадрлар. Шу 31 май қарорлари доирасида президент Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетини ҳам ташкил қилиш бўйича ҳужжатни имзолаб берганди. Яқинда университет кампуси тайёр бўлди, Худо хоҳласа, очилиш арафасидамиз, бу биз учун катта ютуқ деб ўйлайман. Ўша қарорда кетма-кетлиги билан ҳаммаси 40 га яқин қарор, фармон ва қонунлар ишлаб чиқилиши белгиланган.

Албатта, бизда 30 йил давомида йиғилиб қолган муаммоларни, ким бўлишидан қатъи назар, бир кунда келиб ечиш имконияти йўқ. Мутахассислар билан ишлаш керак, у ҳужжатнинг ўзига яраша тартиби бор, уни ишлаб чиқиш керак, тегишли вазирлик-идоралар билан келишиш ва кейин уни ҳимоялаш бор, жамоатчилик муҳокамалари бор. Мана шу барча босқичлардан ўтгач, қарорлар имзоланади ва ижрога қаратилади. Бир неча яхши-яхши ҳужжатларни тайёрлашга эришдик.

Албатта, кўп ҳужжатларни ўтказишда жуда катта муаммолар бўлди. Айтайлик, «Яшил макон» дастури тизимини тубдан ўзгартирдик, ҳар йили 200 миллион дарахт экдик деб эълон қилардик, лекин кўплаб ҳолатларда қўшиб ёзиш ёки умуман суғориш тизими бўлмаган ерларда дарахт экиш, тўғриси, номига ижро этилган жойларини ҳам кўп учратгандик. Ҳозир аввалги тизимдан тўлиқ воз кечиб, янгисига ўтдик — тизим қатъийлашди, шартномавий мажбуриятлар жорий этилди. Бу ҳақда узоқ гапириш мумкин, лекин, қизиққанлардан илтимос — шу фармонларни ўқиб, янги тартибларни ўрганиб чиқишса тизим жуда ўзгарганини сезадилар.

— Демак, [ўрганишлар] 2023 йил май ойидан бошланган, тўғрими?

— Энди, биласиз, атмосфера кузатувлари кўп йиллик кузатувларга асосланади. Бу йил Тошкентда иккита автоматик станцияни ишга туширдик. Яқин орада яна қўшимча автоматик кузатув станцияларини ишга туширмоқчимиз. Бундан ташқари, таҳлиллардан келиб чиқиб, халқаро тажрибаларни ўргандик, мутахассисларимиз халқаро консультантларни, экспертларни жалб қилиб, улар билан ишлади.

Чиқинди бўйича айтадиган бўлсак, у ҳужжат августларида деярли тайёр бўлиб, тегишли ҳамма муҳокамалардан ўтиб, декабрь охирида имзоланиб, ҳозир ижрога қаратилди. Бундан ташқари, декабрь ойида дарё ўзанлари масаласи — у ҳам жуда катта мавзу — кўтарилганди, лекин бу масалага 2023 йил май ойида киришгандик. Ҳамма таҳлилларни қилганимиздан кейин дарё ҳавзаларида бўлаётган муаммолар, у ерда йиғилган масалаларни ҳукуматга олиб кирганмиз. Ўзим ҳам бир неча бор нафақат Тошкент вилояти, балки Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларидаги дарё ўзанларига бориб, кўрдим. Тўғриси, кўрганларимдан шокка тушдим, деб айтсам ҳам бўлади. Вазият жуда оғирлигини кўрдик. Яъни, сув сатҳини ваҳшийларча тушириб юбориб, атрофдаги дарахтлар қуритиб юборишган. Биргина Зарафшон дарёсини оладиган бўлсак, у ерда кўплаб эндемик ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси йўқ бўлиб кетиш арафасида. Вазият жуда ҳам оғир.

Бошқа дарёларимизни ҳам вертолётда учиб ёки космик расмларини олиб, дронларда жуда кўп видеолар олиб ҳукуматга кўрсатганимиздан кейин бу масала бўйича қатъий қарор қабул қилиниб, 1−2 ҳафта ичида мажбурий тартибда Экология вазирлиги тасарруфига ўтказилди (бунгача «Хавфсиз дарё» бошқармаси ФВВ қошида эди).

Олдин дарёдан шағални кўпроқ олиб қурилишда ишлатишарди. Ўзи асли шағални дарё ўзанларидан олиш ўзанни тозалаш ва баҳор кунлари тошқинлар келганда бемалол сув ўтиб кетиши учун мўлжалланган. Лекин бизда бу тескари бўлиб, дарё ўзанлари қандайдир қурилиш материаллари манбасига айлантириб юборилганининг гувоҳи бўлдик. Ҳаммаси ҳақида ҳукуматга ахборот берганимиздан кейин шундай қарор бўлди — соҳа бизга берилгач, ярим йил ичида уни чуқур ўрганиб, ҳамма ҳисоб-китобини қилдик.

Биласизми, мисол учун, бу осон нарса, бир кунда мораторий эълон қилинди, бир кунда уни тўхтатиш мумкин [эди]. Лекин эртага бизнинг иқтисодиётимиз нима бўлади, нархлар нима бўлади, шағал қурилиш учун, ижтимоий объектларни қуриш учун керакли материаллардан бири, лекин уни волюнтаристик равишда биттада ёпиб юборадиган бўлсак, бундан бирор манфаат кўрмаймиз. Эртага тошни импорт қилишга мажбур бўламиз. Шунинг учун ҳамма ҳисоб-китобларни қилиб, Геология вазирлиги билан жуда кўп маслаҳат қилиб, тадқиқот ишларини олиб бориб, 100 га яқин янги карьерларни ташкил этадиган жойларини белгиладик, ҳозир уларнинг ҳаммаси аукционга қўйилган.

Фурсатдан фойдаланиб, тадбиркорларимизга яна бир бор эслатиб қўймоқчи эдим — 2024 йил 1 майдан бошлаб мораторий тўлиқ кучга киради. Биз [дарё ўзанларидаги] барча фаолиятни тўхтатамиз. Ҳозирги кунда шуни таъминлаш учун Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия билан дронлар, ҳамма техникаларни тайёрлаяпмиз. Қонунчиликка ўша ерда бир машина қимирлайдиган бўлса, биз уни тўхтатиб, шағални ноқонуний олиб чиқиб кетаётган оғир юк машиналарини жойида мусодара қилишни кўзда тутадиган ўзгартишларгача киритмоқдамиз — мен буни қанчалик қатъий чоралар кўрмоқчи эканимизнинг бир далили сифатида келтириб ўтяпман. Бу, ўйлашимча, жуда қатъий тартиб ўрнатилишига сабаб бўлади.

Лекин бир нарсани ҳисобга олиш керакки, ҳозир гап фақат олтита дарё тўғрисида кетяпти, иккинчи босқичда қолган дарёлардан ҳам шағалнинг қурилиш мақсадида олиниши тақиқлаб, тўхтатилади. Буни ҳамма билиши керак. Қонунчиликка яна бир янги тартиб киритилмоқда — ўзанларни тозалаш эвазига чиқадиган шағални ҳам қурилиш материали сифатида ишлатиш тақиқланади, улар фақат дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларига сарфланади.

Дарёнинг ўзидан тош чиқиб кетмайдиган бир тизим қилмоқчимиз, яъни ёпиқ циклга ўтмоқчимиз. Бу ҳам жуда оғир қарор бўлди, тўғриси, жуда кўп баҳслар бўлди, шағалчиларнинг ўзида ҳам аргументлар бор, уларнинг ўзига яраша кучли лоббиси ҳам бор, бу ҳам ҳақиқат, буни ҳам айтиш керак. Аммо ҳукуматимиз раҳбарларига катта раҳмат — ҳаммаси [бизнинг таклифларимизни] қўллаб-қувватлаб, тегишли қарор чиқиб, бу биз учун мустаҳкам бир инструментга айланди.

Биз экологияни яхшиламоқчи бўлсак, албатта, қўшимча харажатлар бўлади — шунга тайёр бўлиш, буни тўғри тушуниш керак. Тарихдан биламизки, йирик шаҳарлар йирик дарёларнинг бўйида қурилган. Узоққа бормай, 2, 5, 10 км масофада дарё ўзанидан шағал олиб келиб, қурилишда ишлатиш мумкин бўлган. Биз қўйган янги талаб бўйича эса шағал тоғли ҳудудлардаги карьерлардан олиб келинади — масофа каррасига узоқ бўлади, ҳали у ерларда тегишли заводлар ҳам қурилиши керак.

Яъни, биз қабул қилаётган бу қарорлар эртага шағал нархининг ошишига олиб келади, бу факт. Аи-80 бензинини тақиқлаганимиздан кейин бу ҳам ўзига яраша кимгадир қўшимча иқтисодий юк бўлади, деб айтиш мумкин, буни ҳам олдиндан билиш керак. Экология масалаларининг ечими эртага қўшимча иқтисодий харажатлар келтириб чиқаришини яхши тушуниш керак.

азиз абдуҳакимов, экология, экология вазирлиги, ҳаво ифлосланиши

— Бензин ҳақида тўхталдингиз. Аҳолида Аи-80 бензин тақиқлангач, қиммат бензин олишга тўғри келади, харажатлар ошади, деган хавотирлар бор. Буни юмшатиш учун қандай чоралар кўрилади?

— Энди, бир нарса-да — ҳамма ўз иши билан шуғулланиши керак. Биз Экология вазирлиги сифатида ўз таклифларимизни берганмиз. Биринчи навбатда, экология манфаатларидан келиб чиқиб таклиф берамиз. Сиз айтган иқтисодий нуқтаи назардан юмшатиш масалалари бўйича тегишли вазирликлар ўз таклифларини тайёрлаяпти. Лекин бир нарсани айтиш мумкинки, биринчидан, Аи-80 бензини ҳақиқатан ҳам жуда токсик, соғлиққа жуда зарар, заҳарли. Иккинчидан, Аи-80 бензинини машинангизга қуйганингизда юрадиган масофангиз Аи-90, Аи-92 бензинига нисбатан қисқароқ бўлади, мой кўпроқ ейди, харажати ҳам, 100 километр масофага ҳисоблаб чиқсангиз, Аи-92 билан деярли бир хил, мотор тезроқ ишдан чиқади. Барини ҳисоб-китоб қилсангиз, аслида, бу ерда унчалик катта фарқ ҳам йўқ. Шунинг учун, ҳавомиз тоза бўлсин деб талаб қиляпмизми, бундай жиҳатларга ҳам тайёр бўлишимиз керак.

— Вазирлик берган таклифлар орасида иқтисодиётда кўмир ва мазут улушини камайтириш, чеклаш ҳам бор эди. Лекин ўтган йили февраль ойида ижтимоий соҳа объектлари, иссиқхоналар, бошқа объектлар ёппасига кўмирга ўтказилганди. Савол туғилади — кўчириш вақтида масаланинг экологик жиҳатлари эътиборга олинмаганми? Сиз у вақтда вазирликда бўлмагансиз, лекин қарор қандай қабул қилинган, қандай келишилган — бу қизиқ.

— Ўшанда қандай оғир кунларни бошдан кечирганимиз эсимизда, одамларда жуда катта норозилик бўлди, совуқда ҳаммамиз кўмирга ҳам, бошқасига ҳам, ҳамма нарсага рози эдик. Бу йилги қиш унча совуқ келмади, совуқ кунлар ҳам кўп бўлгани йўқ. Шунинг учун ҳозир бу ҳолат одамларнинг эсидан чиқиб, бемалолроқ қабул қилиняпти. Аслида эса совуқдан ўтиргандан кўра иссиқдан ўтирган афзалроқ.

Иккинчидан, электр энергияси бўлмаса, мана шифохона, боғчаларимиз бор, ижтимоий объектларимиз бор, оддийгина аҳолимизга шифохонада, масалан, чироқ бўлмаса, у ерда аппаратлар ишламаса, [нима бўлади?]. Бу ерда тарози палласи жуда оғир, лекин экология вазири сифатида менинг вазифам — кўмир, мазутни тақиқлашни талаб қилиш. Албатта, бу борада якуний қарор ҳукумат томонидан қабул қилинади, у ерда бизга қарши ўз фикрини билдирадиган Иқтисодиёт вазирлиги ҳам бор. Улар иқтисодий ўсишга кўпроқ масъул бўлгани учун бу масалага шу нуқтаи назардан ёндашади. Ҳар бир қарор ўзига яраша турли ёндашувлар тўқнашуви асосида қабул қилинади.

Лекин ҳозир, кўриб турибсиз, таклифларимиз жуда яхши қабул қилиняпти. Чунки бунга жамоатчиликнинг ўзи рози, жамоатчилик бизни қўллаб-қувватлаб тургани ҳам бизга куч беради. Якуний қарор қабул қилишда ҳам жамоатчилик, одамларнинг фикри инобатга олинади. Ўтган йили одамлар [совуқда] дод-вой дегани учун ўша қарор ўтиб кетган бўлиши мумкин, албатта. Ҳозир эса биз мувозанатни топишга интиляпмиз.

Биз ҳар бир масалага ҳисоб-китоб билан ёндашишимиз керак, деб ҳисоблайман — қаерда плюси, қаерда минуси бор, дегандек. Кўмирга ўтишни мен иқтисодчи сифатида ҳам тушунаман — балки бошқа иложи ҳам йўқдир. Бошқа муқобил — газ ёки қуёш энергияси қувватлари ҳали етишмаётганлиги учун шундай бўлаётгандир. Лекин қисқа муддатда қуёш, шамол энергиясини ишлаб чиқариш бўйича катта лойиҳалар тайёрланяпти. Бу эртага Ўзбекистон энергетик балансининг ўзгаришига сабаб бўлади. Биз кўмир, мазут ишлатмаслигимизга ҳам қандайдир замин яратилади.

Лекин кўмир ишлатилганида ҳам биз қатъий талаб қиладиган нарса — ҳар бир ускуна, иситиш ускунаси бўладими, электр энергия ишлаб чиқарувчи иссиқлик станцияси бўладими, барчаси замонавий ускуналар билан жиҳозланиши керак.

Ҳозир биз иссиқлик станцияларидан чанг ушлагичлар, газ ушлаб қоладиган ускуналарни ўрнатишни талаб қиляпмиз. Бу миллионлаб доллар харажат. Албатта, эртага улар: «Биз уни сотиб оладиган бўлсак, аҳолига етказадиган электр энергияси нархини кўтаришга мажбур бўламиз», дейди. Иқтисодиёт вазирлиги мурожаат қилади: «Бизга тарифни кўтариб бергин», деб. Ҳамманинг ўз дарди, муаммоси бор, лекин Экология вазирлиги сифатида бизнинг вазифа — экологияни сақлаш, табиатимизни асраш. Шу нуқтаи назардан таклифларни ўтказишга ҳаракат қиламиз.

Цемент заводларини ўрганишни ташкил этдик, бутун республика иссиқхоналарни ўрганиш ташкил этилмоқда, таҳлил қиляпмиз.

Кўп ҳолларда экологиянинг бузилишига олиб келадиган сабаблардан бири — жойларда инспекторларимизнинг масъулиятсизлиги, айрим ҳолларда коррупция. Инспекторлар бир жойга борган, ўлчаган, кейин ортидан биз бориб мустақил ўлчатсак, умуман бошқа кўрсаткич чиқяпти. Муаммо нимада? Инсон омили.

Ҳозир биз барча саноат корхоналарининг зарарли ташланмаларини автоматик равишда ўлчаб, ситуацион марказимизга шу маълумотларни юборадиган тизимга ўтмоқчимиз ва бу жараён бошланди. Барча корхоналарга биз бир неча маротаба огоҳлантириш хатлари юбордик. 2024 йил якунигача ва 2025 йил январидан бошлаб биз ҳам жарималар миқдорини беш карра ҳам кўпайтирамиз, ҳам корхоналарда мониторинг тизимлари, зарарли ташланмаларни ҳисоблайдиган автоматик мониторинг станциялари ўрнатилмаса ёки ўрнатилмаган бўлса, жуда катта жарималар қўллашни бошлаймиз. Ҳозир уларга муддат берилган.

Тўғриси, олдин ҳам шундай қарор қабул қилинган, лекин, минг афсус, ижросиз қолиб кетган. Шу боис 2023 йилда биз жуда қаттиқ таҳлил қилдик, корхоналар билан гаплашдик, ҳаммасига тушунтиришга ҳаракат қилдик. Ҳозир бу қарорнинг ижроси устидан жуда қаттиқ назорат олиб борилмоқда. Биринчи категориядаги, экологияга энг кўп зарар келтирувчи корхоналарнинг муҳлати шу йил охирида тугайди. Тегишли ускуналар билан мониторинг станциялари ўрнатилмаса, уларга жуда қаттиқ чоралар, фаолиятини тўхтатиш ва йирик жарималар қўллаш тизими ўрнатилади.

Иккинчи тоифадаги корхоналар сони анча кўп, уларга яна бир йил қўшиб берилмоқда, яъни 2026 йил 1 январгача. 2025 йил давомида улар шу ишни якунлаши керак. Шу ишлар ташкил этилса, ўйлашимча, вазият нафақат Тошкент шаҳри бўйича, балки бутун республика бўйича анча яхшиланади.

— Таклифлар ичида иккита мораторий ҳам бор. Биринчиси, қурилишга мораторий — бош план белгиланмагунича 2023 йил февралида эълон қилинган мораторийни қонун доирасида қабул қилиш таклиф этилган. Шу таклифни қачон амалга татбиқ этиш режалаштириляпти ва бу мораторий қайси биноларга тааллуқли бўлади — ижтимоий объектларми, тижорий биноларми ва ҳоказо. Шу ҳақда ҳам маълумот берсангиз.

— Гувоҳи бўлиб турибмизки, пойтахтимизда кўп ҳолларда ҳали қонуний расмийлаштирилмаган кўплаб қурилишлар амалга ошириляпти. Биз қонуний талаб қила олишимиз учун қонун билан тақиқлаб қўйишимиз керак, яъни бош режа қабул қилинмагунига қадар янги қуришларни бошлашни тўхтатиш [керак]. Бу масалада ҳозир Қурилиш вазирлиги ўз ҳужжатларини тайёрлаяпти, биз уларга буни тезлаштириш бўйича бир неча бор мурожаат ҳам қилдик. Ўйлашимча, бу ишлар ҳам [тез орада] якунланади.

Лекин ҳозир ҳам айрим ҳолларда қурилишни ноқонуний бошлаб қўйиб, кейин «мана, биз қурилиш қилиб қўйгандик, энди бизга рухсат беринглар», деган ҳолатлар ҳам бўляпти. Биз Бош прокуратура билан жуда яқин ҳамкорликда ишлаяпмиз, у ерда экологияга масъул бўлган бошқарма ташкил этилган, бош прокурор ўринбосари ҳам ишлаяпти. Айрим ҳолларда ижтимоий тармоқлар орқали ёки бизнинг ботимизга аризалар тушади, қайсидир ҳудудни кимдир ўраб олиб, эртага ўша ерда қурилиш бошлаяпти, дарахтларни кесяпти, деган хабарлар келади. Биз бунинг осон ечимини қилдик — биринчи навбатда [қурилиш] эгасига биздан ва прокуратурадан огоҳлантириш хати боради. Инспекторларимиз чиқиб, махсус планшетлар орқали дарахтларни яна бир бор ҳисобга олади, деворга катта қилиб қайси қонун асосида қанақа жазо бўлиши ҳақидаги ёзувимизни ёзиб қўямиз. Кўп ҳолларда, икки кун ичида [қурувчи] деворини ҳам олиб ташлайди, қилмоқчи бўлган қурилишидан воз кечади. Бу масалалар жамоатчиликнинг ёрдамида, улар билан биргаликда ечилса, мана шунақа самарага эришиш мумкин.

Сиз айтган масалага келсак, биз бу мораторийни тезроқ қонунийлаштириб, шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилмагунча мораторий эълон қилишимиз керак. Қурилишларга мораторий жуда ҳам тўғри қарор бўлган, деб ўйлайман. Айтганимдек, шаҳар ривожланиши керак. Шаҳар аҳолиси сони ҳам ўсмоқда, умуман олганда, инфраструктураси ҳам ривожланяпти, бу ҳам яхши, аҳоли қанча кўп бўлса, урбанизация қанча кучли бўлса, иқтисодий нуқтаи назардан ҳам биз тезроқ ривожланамиз ва аҳолимизнинг турмуш даражаси ҳам ошади, албатта.

Шунинг учун ҳам Янги Тошкент лойиҳаси қилинди, шу лойиҳа доирасида жуда кўп ер участкалари инвесторларга таклиф этилди. Ўйлашимча, ҳамма имконияти бўлган, инвестиция киритадиган инвесторлар Тошкентга интилади. Шу ерни олайлик, бир бино қурайлик, эртага бинонинг ҳам нархи, қиймати ошади, бу ерда уй-жойлар сотмоқчи бўлади, даромад кўриш учун ёки ижарага топшираман деб, бизнес марказлар, меҳмонхоналар қуради.

Лекин бу нарсаларга қандайдир янги таклиф бўлмаганида, бу жараён қийин кечган бўларди. Ҳозир Янги Тошкент лойиҳаси, ўйлашимча, кўп масалаларни ечади, инвестиция киритаман деган кўплаб инвесторлар, тадбиркорларга жуда катта имконият яратиб беради. Оддий тилда Тошкентга инвестиция киритаман, пул тикаман деган одамлар бемалол ўша ерга бориши мумкин — у ерда жой ҳам бор, имконият ҳам бор, бемалол пул тикиб, инвестиция қилса бўлади. Ўйлашимча, Тошкентнинг эски ҳудудидаги анча-мунча босим уёққа ўтади, эски ҳудудга ортиқ бундай стресс бўлмайди.

— Шунда ҳозир мораторий даврида қайси турдаги биноларни қуриш мумкин бўладию қайсилари мумкин эмас — шундай тоифалар аниқланганми ёки ҳали муҳокама жараёнидами?

— Мораторий даврида ижтимоий қурилишлардан, давлат манфаатларидаги қурилишлардан бошқа бирор қурилиш бўлмайди. Савдо марказлари ёки, дейлик, уй-жой қурилиши, янги қурилиш бошлаш, албатта, тақиқланади. Айтганимдек, биз муқобил вариантларни ҳам таъминлаб беришимиз керак.

— Тижорат бинолари қурилишини тўхтатиб қўйсак, бу шаҳар ривожини чеклаб қўмайдими?

— Тошкентда ҳозир янги қурилиш қиламан десангиз, деярли мавжуд бинони бузиб ёки аҳоли яшаётган бинони бузиб янги бино қилиш мумкин. Ёки ҳозир ер участкалари қимматлашиб кетганини инобатга олиб, инвесторга деярли фойда келтирмайдиган қурилиш бўлади. Ёки бўш турган жой деганда эса дарахтли жойлар бор, лекин бу яна тарозининг иккинчи палласига тўғри келмаяпти-да.

— Қурилиш бўйича яна бир жиҳат бор — бош план қабул қилингунича мораторий жорий қилиш керак, лекин қурилишнинг ўзидаги жараёнларни ҳам назорат қилиш керак. Санитария қоидалари бор, уларга қанчалик риоя қилиняпти? Ўзингиз ҳам чанг кўтарилмаслиги учун сув пуркаб турилиши кераклигини айтдингиз. Булар бўйича қандай таклифлар бор?

— Бу масалада яна қонунчиликка қайтамиз. Бизда қурилишларда чангни камайтириш бўйича ҳозиргача талабларнинг ўзи йўқ эди, айтганимдек, сув пуркаб чангни ушлаб қоладиган ускуналар ёки видеокамералар ўрнатиш, кириб-чиққан машиналар сонини кўриш, қандай ҳолатда кириб чиқяпти…

Ҳаммамиз чет элда бўлганда ҳавас қиламиз — ёнма-ён иккита бино турган бўлади, уларнинг ёнида яна битта қурилиш, лекин қурилиш бўлаётганини ҳеч ким сезмайди, чанги ҳам йўқ, шовқиннинг ҳам олдини олишади қандайдир — шундай қурилиш маданиятига ўтиш, албатта, долзарб масала. Бу масала билан Қурилиш вазирлиги шуғулланяпти, шуғулланиши ҳам керак.

Биз, албатта, бу борада ўз талабларимизни эълон қилинган дастуримизга киритдик, яъни ҳар бир қурилишда тегишли сув пуркагичлар бўлиши ва кириш жойларида машиналар ювиб-тозаланиши, ғилдираги билан чанг олиб чиқиб кетмаслиги керак. Шу талабларнинг барини ўз дастуримизга қўшиб, санитария қоидалари ва нормаларини ўзгартириш бўйича Қурилиш вазирлигига талаб қўйилмоқда.

азиз абдуҳакимов, экология, экология вазирлиги, ҳаво ифлосланиши

— Иккинчи мораторий саноат корхоналари билан боғлиқ. Хусусан, янги саноат корхоналари очилишига мораторий киритилар экан. Бунинг тоифалари қандай бўлади? Бу мораторий қандай корхоналарга тааллуқли — цемент заводларими ёки бошқа?

— Зарар кўрсатувчи саноат корхоналар тўрт категорияга бўлинади. Умуман, қурилиш объектлари, 1−2-категориядаги энг зарарли объектларга биз тақиқ қўйяпмиз. Таклифларимиз Тошкентни аста-секин хизмат кўрсатиш ва сервис шаҳрига, марказга айлантиришдан иборат. 1−2-тоифага кирувчи корхоналарни Тошкентдан ташқарига чиқариш, уларни саноат кластерлари, саноат зоналарига жойлаштириш биз учун экологик вазиятни назорат қилиш ва керакли ҳаво, сув, тупроқ, ерости сувларини ифлослантиришнинг олдини оладиган турли чора-тадбирларни ўтказишга имкон яратади. Бу унчалик ҳам катта янгилик эмас, барча йирик шаҳарлар шундай жараёнлардан ўтган ва ҳозир бу чораларни кўрадиган бўлсак, биз дарахтзорлар, яшил зоналарни қисқартириш эвазига янги қурилишлар эмас, эски завод-фабрикалар турган жойда янги қурилиш объектларини, керак бўлса, заводларни бузиб, ўрнида янги яшил зоналарни, яшил қопламларни, парклар, боғларни яратишга эришишимиз мумкин.

Таклифимиз шундан иборатки, умуман 1−2-категорияга кирган корхоналарни режа асосида, бир кунда эмас, албатта, аста-секин, тегишли шароитлар, кўчиб ўтишига имкониятлар яратган ҳолда кўчириш. Бу жараён бошланиб бўлган, аввалроқ бир нечта йирик-йирик саноат корхоналари Тошкентдан чиқарилганди. Бу ишлар, албатта, давом этади, бу янги ихтиро эмас, олдиндан бор. Лекин биз буни режа асосида, бутун шаҳардаги саноат корхоналарини таҳлил қилиб, уларнинг қай бири биринчи навбатда кўчирилади, қай бири иккинчи навбатда кўчирилишини режа асосида белгилаб қўймоқчимиз.

— Ҳаво сифатини кузатиш учун 1000 дона IQAir қурилмаси харид қилиниши режалаштирилган. Нима учун айнан IQAir? Бошқа қурилмалар ҳам ўрганилганми? Бир неча ой аввал «Ўзгидромет»дан IQAir ҳақида сўраганимизда, «бу қурилма кўрсаткичлари бизникидан баландроқ, нотўғри кўрсатади», дейишганди.

— IQAir халқаро тан олинган ускуна. Очиғи, бу иш ҳам кўпроқ жамоатчилик талаби билан бўляпти. IQAir аслида олтита асосий кўрсаткичларни кўрсатади. Нимага ихтисослаштирилган десак, ПМ2,5 ва ПМ10 га мослаштирилган. Албатта, ҳар бир ускунанинг ўз «допуск»лари бор. Яъни, қанчалик тўғри кўрсатиши. Қимматроқ тўлайдиган бўлсангиз, албатта, [хатолик даражаси] камроқ — 1−2 фоиз бўлади. Арзон ускуна олсангиз — уники хатолик даражаси 10−15 фоизгача етиши мумкин.

«Ўзгидромет» мутахассислари биринчи галда об-ҳаво учун жавоб беради. Уларнинг ёндашуви сал бошқачароқ. Улар ўзларининг кўп йиллик тадқиқотлари юзасидан [ёндашиб айтган]. Уларнинг талаби бўйича ускуна олинадиган бўлса, очиғини айтганда, республиканинг 1−2 йиллик бюджети ҳам етмайди. Негаки, улар хоҳлаётган битта станция нархи тахминан 350 минг доллар, жуда қиммат.

У станцияларни биз «Замин» фонди билан бирга лойиҳа қилиб, грант маблағлари эвазига олганмиз, ҳозир 16 таси республика ҳудудларида ўрнатиляпти. Биз «Ўзгидромет» хоҳлаган, уларда талаб бўлаётган тадқиқотларни ва ўрганишларни ўтказиш учун республика бўйлаб 60 тача шундай станция ўрнатсак, етарли бўлади.

Лекин бир нарсани айтиш керак, бу станциялар 5 километр масофагача бўлган ҳудуддаги маълумотни кўрсатиб беради. Бор йўғи 5 километр. Аҳолимиз фақат 5 километр доирасида яшамайди-ку. 5 километрдан ҳисоблайдиган бўлсак, камида 50−60 та ускуна ўрнатиш керак. Бу жуда қиммат. Жуда катта пулга айланиб кетади.

Ваҳоланки, IQAir ускуналари тахминан ўша 450−500 доллар атрофида туради. Энди солиштириб кўринг — 350 минг қаердаю, 500 доллар қаерда. Бу ускуналар бизга асосан умумий вазиятни кўрсатиб беради. Яъни биз қайси томондан зарарланувчи моддалар келаётганини таҳлил қилиб, ўша датчикларнинг кўрсаткичлари асосида бориб, [ҳавога] зарар кўрсатадиган корхонани шамол йўналишида [аниқлаб] топишимиз мумкин. Кейин жойига чиқиб махсус ускуналар билан ўлчаб, ўша корхонага чоралар кўриш, фаолиятини тўхтатиш ёки жазолаш мумкин.

Ҳозирги кунда бундай ҳолатлар кўплаб бўлиб турибди. Лекин бор-йўғи иккита станция билан биз — Экология вазирлиги ва инспекциямиз ҳеч қанақа чора кўролмаяпти, кўриши мумкин эмас ҳам. Айтганимдек, республика бўйича 1000 та ускуна, жумладан, Тошкент шаҳрида 150 та ўрнатилади.

Яна бир нарса, ўзимиз ҳам кўряпмиз, ҳаммаёқда «қизил-қизил бўлиб кетибди» деб [айтишади]. Айтиш керакки, IQAir ускунаси 20−30 метр масофани ўлчайди. Ундан ортиғини ўлчай олмайди. Яъни, 20 метрдан кейин умуман бошқа вазият бўлиши мумкин. Ёнида бир машина 5 минут ишласа ҳам, кўрсаткич кескин бузилиб кетади.

Мен айтмоқчиманки, шу нуқтаи назардан, албатта, «Ўзгидромет» мутахассислари тўғри айтади, мисол учун асослаб бўлиши мумкин эмас. Лекин бу бизга умумий вазиятни баҳолаш учун [керак], яъни шаҳар бўйича 150 та ёки 200 та ускуна қўядиган бўлсак умумий ҳолатга баҳо беришимиз мумкин.

Ҳозир биз шаҳарни ҳавоси ёмон деганимизда бор йўғи 5−6 та ускуна маълумотига асосланиб гапиряпмиз. Яна бир нарса, қўшниларимизда, масалан, Бишкекда 150 тача IQAir ўрнатилган. Бизнинг пойтахтимизда — йирик бир шаҳарда бор-йўғи 5−6 та.

Буни кўпайтирсак, аввало, ижтимоий объектлар — боғча, мактабларда вазият қандай бўлаётганини ўрганишимиз мумкин бўлади. Ўйлашимча, маҳаллий ҳокимликларга ҳам ўрнатиш керак. Ҳоким ҳам ҳар куни ҳокимиятни атрофида ҳаво ҳолатини тушуниб борса, кейинги сафар зарар кўрсатувчи ишлаб чиқаришга рухсат бериш-бермасликни ҳам чуқурроқ ўйлаб қарор қилади.

Умуман, буни экологик маданиятимизни оширувчи ускуна деб қарашимиз керак. Бу, албатта, ўз самарасини беради, деб ўйлаймиз. Шу тизим яратилгандан кейин биз, аҳолимиз автоматик равишда атмосфера ҳолатига тўғри баҳо беришга эришамиз.

Тўғрисини айтаман, кўплаб баҳслар бўлади, ҳар сафар IQAir’га асосланиб хулосалар қилсам, улар қарши чиқади. Айтадики, «ўртоқ вазир, нотўғри гапиряпсиз, бизнинг ҳавомиз унчалик ифлос эмас, бу нотўғри беряпти», дейди. Мен: «Бутун дунё шуни қабул қилган-ку, шуни тан олган-ку, нимага биз бошқача ишлашимиз керак ёки қабул қилмаслигимиз керак» [дейман].

— Одамлар кўчага чиққанида, ҳавога нафас олиб ҳам баҳо беряпти. Корхоналар бўйича савол бермоқчи эдим. Уларни шаҳар ташқарисига кўчириш ҳақида гапирдингиз. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов шамол оқимлари, «шамол гуллари» ҳақида гапирганди. Шамоллар Тошкент вилоятининг бир неча туманларидаги корхоналардан заҳарли ҳавони йиғиб, пойтахтга келгач, тезлиги пасайиб кетади. Корхоналар кўчираларкан, уларнинг кейинги жойлашуви ҳам муҳим, менимча. Ҳозир [шаҳар атрофида] жойлашган корхоналарнинг ишлаш вақтини [шамол йўналишларидан келиб чиқиб] қандайдир ўзгартириш керакми, шу бўйича ҳам бирор чора ишлаб чиқиляптими?

— Жуда тўғри айтдингиз, бу жуда муҳим. Ҳозир Тошкентнинг устида доимий равишда «смог» тўпланадиган бўлди, негаки, «роза ветров» деймиз, сониясига 3 метр тезликда келадиган шамоллар охири Тошкентга келиб тўхтаб қолади — Чирчиқнинг устидан ўтиб, Тошкентга келгач, тўхтаб қолади. Барча саноат корхоналаридан чиққан ташланмалар айнан Тошкентнинг устида йиғиладиган бўлиб қолган. Бу, албатта, жуда катта муаммо. Шу боис таклиф ҳам шундай бўлгандики, у корхоналарни Тошкент ташқарисига чиқариш ва иқлимшуносларнинг, олимларнинг фикрлари, хулосаларига таянган ҳолда шаҳарга зарар келтирмайдиган қилиб кўчирилсин, кўчирганда ҳам барча керакли жиҳозлар билан таъминланган ҳолда қайта қурилсин.

азиз абдуҳакимов, экология, экология вазирлиги, ҳаво ифлосланиши

— Чораларни санаганингизда шаҳар марказий кўчаларини фақат электромобилларга мўлжалланган ёпиқ кўчалар ташкил этиш таклифи ҳақида гапирдингиз. Сўнгги маълумотларга кўра, электромобиллар ҳам ҳаракат вақти шиналари асфальтга тегиб, майда заррачалар чиқариши мумкин экан. Фақат пиёдалар учун мўлжалланган ёпиқ кўчалар ташкил этиш бўйича таклиф ҳам бўлганми? Ёки фақат электромобиллар учун истисно қилинадими?

— Ундай эмас. Бир нарсани тушуниш керакки, имконият чекланган одамлар бор, одамлар ишхонасига етиб бориши керак, ҳаммани пиёда юргизиш қийин. Шунинг учун, ўйлашимча, транспортни бутунлай тўхтатиб қўйиш нотўғри бўлади. Жамоат транспорти бизга керак, у ҳаракатланиши керак. Ҳар бир масалани қандайдир абсурд даражасига ҳам етказишнинг кераги йўқ. Бунга ҳисоб-китоб билан ёндашишимиз керак.

Мен сизнинг ўрнингизда бошқа масалани қўярдим — бизга шиналар келяпти, лекин уларнинг утилизацияси нима бўляпти. Шу саволни берганингизда, менимча, анча қизиқроқ бўларди. Ҳозирда ўзимизда ишлаб чиқаришимиз бор, четдан минглаб, юз минглаб шиналар олиб келиняпти, улар ҳаракатланади, кейин вақти-соати келганда, яроқлилик муддати тугагач, қаергадир утилизация қилиниши керак. Лекин бизда бу тизим умуман йўқ. Шиналарни қайта ишловчи 1−2 завод бор, бўлди.

Халқаро талаб бор — табиатга зарар келтирувчи ҳар қандай маҳсулотга эко ёки утил йиғими жорий этилади. Биз ҳам шу ҳақида ўйлашимиз керак. Яъни, қанчадир миқдорда шиналарни Ўзбекистонга олиб келадиган бўлсангиз, импорт қиласизми ё ишлаб чиқарасизми, муддати ўтгач уни қайта ишлашга топширсангиз, пулингизнинг бир қисми қайтариб берилади. Ёки бу ишни қилмайдиган бўлсангиз, кўрсатилган зарарни қоплаш учун улар махсус бошқа қайта ишловчи реcайклинг билан шуғулланадиган компанияларга қўшимча равишда субсидия сифатида тўлаб берилади. Бу бутун дунёда жорий этилган тизим.

Шу тизимнинг ҳам қонунчилигини ишлаб чиқяпмиз, бу бир неча маҳсулотларга жорий этиляпти. Биринчи навбатда импорт қилинаётган автомобилларга жорий этилганди, аста-секин бошқа маҳсулотларга ҳам киритилмоқда. Лекин бу маҳсулотларнинг сони кўп, бошқа мамлакатларни оладиган бўлсак, минглаб товар номенклатурасига кирувчи маҳсулотлар киради. Бизда бармоқ билан саноқлиси ўтса ҳам бўлади. Булар жуда оғир масалалар. Кимдир «бу тадбиркорларга қўшимча юк» деб айтиши мумкин, аммо шундай тизим бўлмагани учун экологиямиз ёмонлашяпти.

— Ҳозир кўпроқ Тошкент шаҳри ҳақида гаплашдик. Бошқа вилоятларда аҳвол қандай ва улар бўйича қандай таклифлар ишлаб чиқилган, чўлланиш, сув муаммоси каби масалалар қандай ҳал этилади?

— Экология вазият фақат Тошкентда эмас, жанубий ҳудудларимизда ҳам оғир — афғон шамоли жуда ҳам кўп чангли, қум бўронларини олиб келади. Бу ҳам аҳоли соғлигига, ҳам қишлоқ хўжалигига, ҳам қурилишга, энергетикага жуда салбий таъсир кўрсатади. Ёки бўлмаса Навоий, Бухоро вилоятларида катта ҳудудлар чўлланиб, у ерда чанг бўронлари кўтарилиб аҳолининг соғлигига, қишлоқ хўжалигига жуда катта зарар келтирмоқда.

Кўп масалалар бор, уларнинг ҳаммаси бўйича кенг қамровли ишларни олиб боряпмиз. Халқаро экспертларни, ўзимизнинг кучли мутахассисларимизни ҳам жалб этяпмиз. Бу масалалар бутун республикамизнинг энг долзарб масалалари деб кўрилиши керак. Шуларни қилмасак, келажагимиз жуда оғир бўлади.