Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини ривожлантириш лойиҳаси учун 200 млн доллар ажратади. Бу ҳақда «Ўзчармсаноат» уюшмаси маълум қилди.

Ветеренария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Токиода JICA вице-президенти Сачико Имото билан учрашди.

Ташкилот раҳбариятига Ўзбекистонда чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар, жумладан, хомашёни чуқур қайта ишлаш, ундан тайёр маҳсулотлар олиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси, инвестиция, экспорт салоҳияти тўғрисида маълумот берилди.

JICA`дан жалб қилинадиган 200 млн доллар чорвачилик, чарм-саноат, балиқчилик, парандачилик соҳаларидаги тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар бериш орқали молиявий қўллаб-қуватланади.

Жумладан, ушбу ўзлаштириладиган маблағларнинг 40 млн доллари терини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўналишда фаолият юритиш ниятида бўлган тадбиркорларга имтиёзли кредит шаклида ажратилади.