Ўндан ортиқ мамлакат, хусусан, АҚШ ва Буюк Британия БМТнинг Фаластин қочқинларига ёрдам бериш агентлигини (UNRWA) молиялаштиришни тўхтатишга қарор қилди, бунга ташкилот ходимлари ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумига алоқадорликда айблагани сабаб бўлди.

Агентлик бош комиссари Филипп Лаззарини Исроил агентликка бир қатор ходимларининг ҳужумга алоқадорлиги тўғрисида маълумот берганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, ташкилот ушбу ходимлар билан шартномаларни дарҳол бекор қилган ва тергов бошлаган.

«Террористик ҳаракатларда иштирок этган ҳар бир агентлик ходими жавобгарликка тортилади», — дея ваъда берди Лаззарини. Шунингдек, у мамлакатларни агентлик инсонпарварлик ёрдамини тўхтатишга мажбур бўлишидан олдин ўз қарорларини қайта кўриб чиқишга чақирди.

Кейинчалик БМТ бош котиби Антонио Гуттериш агентликнинг 12 нафар ходими ҳақида сўз бораётганига аниқлик киритди. Унинг сўзларига кўра, улардан бири ўлдирилган, тўққизтаси ишдан бўшатилган ва яна иккитасининг шахси аниқланмоқда.

«БМТ агентликнинг бир неча ходимларига қарши ўта жиддий айбловлардан сўнг шошилинч чоралар кўрмоқда. БМТнинг ички назорат хизматлари идораси дарҳол терговни бошлади», — деди у.

БМТ бош котиби бу айбловлардан ҳайратда қолганини ва агентликни молиялаштиришни вақтинча тўхтатган мамлакатларнинг ташвишларини тушунишини таъкидлади, аммо, ҳеч бўлмаганда, уларни Ғазода 2 млн тинч аҳолига ёрдам бера оладиган «агентлик фаолиятининг давомийлигини кафолатлашга» чақирди.

«Агентликнинг қайноқ нуқтасида ишлайдиган ўн минглаб эркак ва аёллар жамоавий жазога тортилмаслиги керак. Улар умидсиз аҳолининг шошилинч эҳтиёжларини қондириши керак», — деди у.

АҚШ ва Буюк Британиядан ташқари Финляндия, Нидерландия, Германия, Италия, Австралия, Канада, Швейцария, Австрия ва Япония агентликка молиявий ёрдамни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлиги қўшма баёнотида «тергов якунлангунга қадар Германия бошқа қатор давлатлар билан келишган ҳолда Ғазодаги агентлик учун маблағ ажратишни вақтинча тасдиқламай туради», — дейилади.

Яқин Шарқдаги Фаластин қочқинлари учун БМТнинг ёрдам агентлиги 1949 йилда ташкил этилган. Унинг вазифалари Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил, Ливан, Сурия ва Иорданиядаги фаластинликларга таълим, гуманитар ва тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат. Қўшма Штатлар, Германия ва Европа Иттифоқи агентлик учун энг йирик донорлар қаторига киради.