Ўзбекистонда 254 миллиондан ортиқ дарахтнинг координаталари аниқланиб, рақамли харитаси яратилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар бермоқда. Ташкилотнинг маълум қилишича, президент фармонига кўра, Тошкент шаҳрида синов тариқасида дарахтлар паспортлаштирилади.

У 3 босқичдан иборат:

  1. Аэрокосмик тасвирлар ва дастурий воситалардан фойдаланган ҳолда мавжуд дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилади.
  2. Хатлов натижасига кўра аниқланган дарахтларнинг тури, ёши, бўйи, ҳолати ва жойлашув координатасини акс эттирувчи маълумотлар базаси шакллантирилади.
  3. Маълумотлар базаси асосида «Яшил макон» электрон платформасида ҳар бир дарахтга паспорт шакллантирилади ва ID рақам берилади.

Келтирилишича, 1-босқич доирасида барча вилоятлардаги яшил қоплам майдони аниқланди. Барча дарахтлар ва буталарнинг майдонига, сунъий йўлдошлар орқали олинган фотосуратлардан фойдаланиб, геоахборот тизими орқали ишлов берилди.

Бундан ташқари, вазирлик ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти барча дарахтларни хатловдан ўтказди. Уларнинг жойлашув координаталари, сони аниқланди ҳамда рақамли харитаси яратилди. Бунда АҚШ, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, Россия, Германия ва Япония каби давлатларнинг тажрибалари ўрганилди, дейилади хабарда.

Дарахтларни санашда энг камида 5 ёш ва ундан юқори бўлган дарахтлар ҳисобга олинди. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида жами 254 миллион 162 минг 505 дона дарахтнинг координаталари аниқланиб, рақамли харитаси яратилди.

Ҳозир 2−3-босқичларда хатлов ишлари инспекторлар томонидан жойига чиққан ҳолда амалга оширилмоқда. Бунда «Яшил макон» электрон платформаси такомиллаштирилиб, дарахтлар хатлови бўйича дарахтлар реестри тизими яратилди. Дарахтларнинг тури, диаметри, ҳолати, координатаси, фотоси, ва масъул ташкилот тўғрисидаги маълумотлар киритилмоқда. Ҳозирги кунда республика бўйича жами 200 мингдан ортиқ дарахтлар хатловдан ўтказилиб, маълумотлар электрон платформага киритилган.

Кунлик дарахтлар хатлови натижаларини yashilmakon.eco веб сайти орқали кузатиб бориш мумкин.

Келтирилишича, масъуллар Тошкент шаҳридаги дарахтларни рақамлаштириш орқали уларни паспортлаштириш учун синов тариқасида 100 та комплект қурилма харид қилмоқда.

Дарахтларни паспортлаштириш ишлари натижалари дарахтларга ID рақам бериш орқали «Яшил макон» электрон платформасида акс эттирилади.