27 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани судида аёл кишини калтаклаш ҳақида видеоролик олган вайнерлар иши кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда пойтахт судлари матбуот хизмати.

Видеони вайнерлар — Қорақалпоғистон Республикасида туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган 32 ёшли Ш. О. ва Тошкент шаҳрида туғилган 31 ёшли Р.А. олган.

Видеороликда аёл эри калтаклаган пайтда ота уйига қайтиб кетгани, отасидан куёви билан гаплашиб қўйишни сўраганида отаси унга ҳаммасига ўзи айбдорлиги, «тилини қисиб» юрганида, бу ишлар бўлмаслигини айтиб, ортига қайтариб юборганини кўриш мумкин.

Суд қарорига мувофиқ Ш. О. ва Р.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилди:

  • 189−1-модда (Тазйиқни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш);
  • 189−2-модда (Жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш);
  • 194-модда (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми;
  • 195-модда (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш).

Суд ҳукми билан уларнинг ҳар бирига 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Аввалроқ вайнерлар «аёл ҳар қандай ҳолатда эрига итоат қилиши керак», деган мазмундаги видеолари Ўзбекистон гендер тенглиги тўғрисидаги қонунга зид эканини айтиб, узр сўраб чиққанди.

«Шунинг учун ушбу видео интернет фойдаланувчилари томонидан салбий изоҳларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан узр сўраймиз ва келажакда бундай видео олмасликка сўз берамиз», — деган улар.

Ўтган йилнинг баҳорида блогер Дониёр Қаюмов Instagram саҳифасига аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни тарғиб қилувчи видеотасвирни жойлаштирган деб топилиб, суд унга 6 млн сўм жарима белгилаганди.