Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида 26 январь куни одам ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди, деб хабар бермоқда пойтахт ЙҲХБ ахборот хизмати.

Соат 02:20 да туманнинг Бунёдкор кўчаси Чилонзор буюм бозори («Ипподром») қаршисида 20 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Malibu ҳамда 27 ёшли ҳайдовчи бошқарган Spark автомашиналари иштирокида мазкур ҳолат содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида Spark ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган. Шу машинанинг бир нафар йўловчиси эса жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлишига сабаб бўлган ҳолда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.