Давлат солиқ қўмитасининг маълумотларни қайта ишлаш марказига юклама ортиб кетгани сабабли Soliq мобил иловаси фаолиятида узилишлар кузатилмоқда, дея хабар қилди қўмита матбуот хизмати.

«Мутахассислар юкламани барқарорлаштириш ва мобил илова функцияларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш устида иш олиб бормоқда», — дейилади хабарда.

Солиқ қўмитасининг «Газета.uz»га маълум қилишича, юкламанинг ошиши Солиқ қўмитаси серверлари томонидан қайта ишланадиган чеклар ва операциялар сонининг кўпайиши билан боғлиқ. Бундан ташқари, ҳар ойнинг 25−26 кунларида кешбэк ҳисобланади ва фойдаланувчиларга тўланади.

Қўмита, шунингдек, жорий техник имкониятларни баҳор охиригача кенгайтириш режалаштирилганини, қўшимча ускуналар келиши кутилаётганини таъкидлади.

Солиқ қўмитасининг прогнозига кўра, кун охиригача юкламаларнинг барқарорлашиши кутилмоқда.