Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков «Навбаҳор» футбол клубига вилоят бюджетининг захира жамғармасидан 2,5 миллиард сўм ажратди. У бу ҳақда 19 ва 25 январь кунлари фармойишлар имзолаган.

Ҳужжатга кўра, вилоятда футболни ривожлантириш ва футбол клубининг молиявий аҳволини яхшилаш, мавсум олдидан йиғинларни юқори савияда ўтказиш учун маблағ ажратилмоқда.

Шу тариқа ҳоким аввалига клубнинг мурожаати асосида 500 миллион сўм, олти кундан кейин эса яна 2 миллиард сўм ажратди.

Ўтган футбол мавсуми якунига кўра, «Навбаҳор» Ўзбекистон Суперлигасида 47 очко билан пешқадам «Пахтакор»дан 6 очко ортда қолиб, учинчи ўринни эгаллади.

Ўтган йилнинг июль ойида Тошкент шаҳри ҳокимлиги «Пахтакор»га маош ва бошқа тўловларни молиялаштириш ҳамда ўйинлар ўтказиш учун 7 миллиард сўм ажратганди.

Август ойида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов хусусий «Андижон» футбол клубига молиявий кўмак беришини маълум қилганди. Ўзбекистон чемпионатининг 17-турида «Олимпик» устидан қозонилган ғалабадан сўнг футболчи Рубин Ҳебайга автомобиль, қолган футболчиларга эса iPhone 14 смартфонларини совға қилганди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2023 йил 24 мартдаги қарори билан мамлакатнинг бир қатор футбол клублари, жумладан, «Пахтакор», «Навбаҳор» ва бошқаларни хусусийлаштириш кўзда тутилган.