25 январь куни Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги «Асака» автотураргоҳида ташкил этилган кийим-кечак бозорида кучли ёнғин содир бўлди, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ёнғин ҳақида бошқармага соат 23:30 да хабар берилган. Икки дақиқадан сўнг воқеа жойига 10 та ўт ўчириш ва қутқарув гуруҳи етиб борган. Кейинроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги экипажларнинг умумий сони 20 тани ташкил этгани ҳақида хабар берди.

Ёнғин соат 00:30 да ўраб олиниб, соат 1:53да ўчирилган. Ёнғин оқибатида 700−800 квадрат метр майдон зарар кўрган. Ижтимоий тармоқлардаги видеоларда сотувчилар аланга фонида товарлар йиғаётгани акс этган.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмади, деб таъкидлади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Ҳозирда ёнғин сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.