Ўзбекистоннинг Дубай шаҳрида янги тайинланган бош консули Камол Икромов Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлигининг Дубай бўлими директори Шайх Мактум бин Бутти Ал-Мактум билан учрашди ва консуллик патентини қабул қилиб олди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва БАА муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, иқтисодиёт, савдо, сармоя, юқори технологиялар, инновациялар, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, туризм, фан ва маданият соҳаларида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Янги бош консул 44 ёшда. У Дубайга тайинланишидан аввал 2018−2023 йилларда Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги бош консули бўлиб ишган. Камол Икромов мамлакатнинг Дубайдаги Бош консуллигига 2019−2024 йилларда раҳбарлик қилган Алишер Саломов ўрнига тайинланди.

Бош консулхона консуллик округига Дубай, Шаржа, Рас аль-Хайма, Ажман, Ум ал-Кувайн ва Фужайра амирликлари киради.

Эслатиб ўтамиз, 16 февралдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари БААга 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга визасиз кириши мумкин бўлади.