Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида ҳаракатланувчи 80-сонли автобуснинг санитар ҳолати талаб даражасида эмаслиги бўйича хабар тарқалди. «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси ҳолат «2-автобус саройи» филиали тасарруфидаги 80-сонли «Жанубий вокзал — Муҳаммад Юсуф кўчаси» автобус йўналишида кузатилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, сарой филиалларида барча автобуслар йўналишдан қайтганидан сўнг уларнинг санитар ва техник ҳолатлари текширилиб, ҳар куни ювиб-тозалаш ишлари олиб борилади. Тонгда навбатчи механик томонидан текширув ўтказилиб, техник соз ва санитар ҳолати тоза бўлган автобуслар йўналишга чиқарилади.

Бироқ 24 январь куни «2-автобус саройи» филиали навбатчи механиклари Ш. Б., И.И. ва Ш. Б. ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараб, санитар ҳолати талаб даражасида бўлмаган автобусни йўналишга чиқарган.

80-сонли автобус филиалга қайтганидан сўнг масъул ходимлар томонидан тозаланиб, санитар ҳолати тартибга келтирилган. Навбатчи механикларга ўртача ойлик маошининг 20 фоизи миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Компания йўловчилардан юқоридаги каби ҳолатлар кузатилган тақдирда 1062 ишонч телефони ёки АТТО мобил иловаси орқали мурожаат қилишларини эслатиб ўтди.