Шавкат Мирзиёев 25 январь куни Хитойга давлат ташрифи доирасида Пекиндан Хитойнинг аҳоли сони бўйича учинчи шаҳри ҳисобланган Шэньчжэнь шаҳрига борди.

Шэньчжэнь Гуандун музофотидаги махсус иқтисодий ҳудуд саналади. Технологиялар, тадқиқотлар, ишлаб чиқариш, бизнес ва иқтисодиёт, туризм ва транспорт борасида глобал марказлардан бири, контейнерли юклар билан ишлаш қуввати бўйича дунёдаги тўртинчи денгиз порти ҳисобланади.

Гуандун Хитойнинг энг ривожланган ҳудудларидан бўлиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 10 фоизини шакллантиради ва бу кўрсаткич бўйича етакчилик қилади. Музофот Ўзбекистон ҳудудларининг энг йирик иқтисодий шеригидир.

Бугун Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон-Хитой инвестиция форумида иштирок этиши, ХХР расмийлари, компания ва молия тузилмалари раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Биринчи учрашув Гуандун музофоти партия қўмитаси котиби Хуан Куньмин билан музокаралар бўлди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Учрашувда музофот билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни, энг аввало, юқори технологик тармоқларда кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Саноат кооперациясини чуқурлаштириш, шу жумладан, Гуандуннинг етакчи компаниялари учун мамлакат ҳудудларида ихтисослаштирилган юқори технологик парклар ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев Гуандун провинциясининг Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари кенгаши фаолиятидаги муҳим ўрнини таъкидлади, уни ташкил этиш тўғрисида бир кун аввал Хитой раиси Си Цзиньпин билан учрашувда келишувга эришилган.

Шунингдек, президент ҳудудда жойлашган Huawei, BYD, ZTE ва бошқа етакчи компаниялар билан ҳамкорликни оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Гуманитар алоқалар ва ишбилармонлик алмашинувларини фаоллаштириш мақсадида IT таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш ва тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.