Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида фуқароларни АҚШ, Франция ва Канадага жўнатишни ваъда қилган шахсларни қўлга олди. Бу ҳақда департамент матбуот хизмати хабар берди.

Чилонзор туманида К.С., М.О. ва O.З. исмли шахслар Ш. Ш.нинг ишончига кириб, унга виза ҳужжатларини расмийлаштириш ва Европа давлатлари орқали АҚШга боришда ёрдам беришни ваъда қилган. Улар хизматлари учун 32 минг доллар талаб қилиб, пулларни олган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, терговга қадар текширув давомида О.З фуқаро Ш. Ф. ва унинг оила аъзоларига Франция давлатига бориш учун виза ҳужжатларини олиб беришни ваъда қилгани маълум бўлди. Хизмати учун у 3900 доллар талаб қилган ва пулни картасига ўтказиб олган.

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида Ҳ.А., Г. М. ва Ж.A.лар фуқаро Р.M.нинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида 7000 доллар эвазига Канадага жўнатишни ваъда қилади. Улар олдиндан 1500 доллар ва 600 минг сўмни олаётган вақтида қўлга олинди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28-моддани қўллаган ҳолда 211-моддаси (Пора беришда иштирок этиш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.