Хоразм вилоятида Самарқанддан Урганчга цемент олиб кетаётган юк машинасидан 9 килограмм 754 грамм опий моддаси топилди, деб хабар қилди ДХХ матбуот хизмати.

Гиёҳвандлик моддаси 10 дона ўрамга қадоқланиб, цемент қопларига яширилган. Тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Суриштирув ишлари давомида ушбу моддалар Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи 53 ёшли фуқаро буюртмаси билан етказиб берилаётгани аниқланди. У илгари гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун уч марта судланган.

Гиёҳванд моддалар Хоразмга етказилиши керак бўлган. Улар Тожикистондан ноқонуний олиб ўтилган.

Ҳолат юзасидан жиноий иш очилди. Гумонланувчи ҳибсга олинди.