1 мартдан Korean Air авиакомпанияси (Жанубий Корея) Сеул — Тошкент — Сеул йўналиши бўйича мунтазам парвозларни тўхтатмоқчи. Бу маълумотни «Газета.uz»га авиаташувчининг Тошкентдаги ваколатхонаси тасдиқлади.

«Рейслар ротацияси йўқ, йўловчилар кам. Шунинг учун ваколатхона ҳам ёпилади», — дея таъкидади компания вакили.

Korean Air веб-сайтида 1 мартдан кейин ушбу йўналиш бўйича авиачипталар мавжуд эмас. Бунгача Сеулдан Тошкентга ва тескари рейслар деярли ҳар куни амалга ошириларди.

Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси ҳам ушбу йўналишда мунтазам қатновларни амалга оширмоқда. Унинг парвозлар жадвалида ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ.

Дунёдаги энг йирик авиакомпаниялардан бири Korean Air Сеул ва Тошкент ўртасидаги йўналишни 2008 йилнинг сентябрида очган. 2009 йилнинг март ойида компания «Ўзбекистон ҳаво йўллари» (ҳозирги Uzbekistan Airways) билан биргаликда парвозларни амалга ошириш бўйича код-шеринг шартномасини имзолаган. Натижада рейслар сони ҳафтасига уч мартадан беш мартагача кўпайган.

Корея авиаташувчиси Навоий аэропортида Минтақавий логистика марказини ташкил этиш лойиҳасида ҳам иштирок этган ва кейинчалик ушбу марказни бошқара бошлаган.

Маълумот учун, Жанубий Кореянинг яна бир авиакомпанияси — Asiana Airlines ҳам Тошкент ва Сеул ўртасида парвозлар амалга оширади.

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 2023 йил якунига кўра 2,34 миллиард долларни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан деярли ўзгармаган. Ўзбекистонда Жанубий Корея капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони ўтган йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра бир йил ичида 908 тадан 696 тага камайган.