23 январь куни Пекиндаги Хитой миллий санъат ва ҳунармандчилик музейи — Хитой номоддий маданий мероси музейида Ўзбекистон тасвирий ва халқ амалий санъати кўргазмаси очилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Ўзбекистон Бадиий академияси маълум қилди. Айнан шу куни Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Хитойга етиб борганди.

Кўргазманинг очилиш маросимида икки мамлакат маданият вазирлари, бадиий академиялар раҳбарлари, маданият ва санъат соҳаси вакиллари иштирок этди.

Кўргазмада Ўзбекистоннинг замонавий рассомлари: Акмал Нур, Шахноз Абдуллаева, Файзулло Ахмадалиев, Ибрагим Валихўжаев, Хуршид Зияхонов, Бахтияр Махкамов, Мирвоҳид Мирсаидов, Тимур Раҳметов, Умид Ражабов, Татьяна Фадеева, Ғанишер Хайдарова, Алишер Хамдамовнинг рассомлик асарлари намойиш этилмоқда.

«Кўргазмага қўйилган сўнгги ўн йилликда яратилган 50 та картина ўзбек рассомларининг кенг кўламли ижодий интилишларини, замонавий тасвирий санъатда рўй бераётган муттасил янгиланиб бораётган ижодий жараённи акс эттиради», — дейилади хабарда.

Халқ амалий санъати бўлимида замонавий ўзбек ҳунармандларининг буюмлари намойиш этилган. Тошкентлик ҳунармандларнинг ёғоч ўймакорлиги намуналари ва расмлари, каштачилик маҳсулотлари, хусусан, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро ҳунармандларинин сўзаналари, Марғилондан қўлда тўқилган абр матолари, Риштон ва Ғиждувоннинг нақшинкор буюмлар ва миниатюралари, кулолчилик буюмлари шулар жумласидандир.

Кўргазма 28 январга қадар давом этади.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов Пекин шаҳрида Хитой халқаро маданий мулоқот маркази ҳамда Хитой миллий санъат ва ҳунармандчилик музейи раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Музокаралар якунида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Улар экспонатлар алмашинуви, кўргазмалар биргаликда ўтказишда бўйича ҳамкорлик қилиш, музей ходимлари ўртасида тажриба алмашиш, илмий ва ўқув материаллари соҳасида, шунингдек, кўргазма ва нашриёт соҳасида ҳамкорлик қилишни назарда тутади.