Шавкат Мирзиёев Хитойга давлат ташрифини ХХР Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян билан учрашувдан бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Халқ йиғинлари уйида ўтган учрашувда аввало савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, 2023 йилда товар айирбошлаш 50 фоизга ошиб, рекорд кўрсаткич — 14 миллиард долларга етган. Бу кўрсаткични, шу жумладан, юқори сифатли саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига 20 миллиард долларга етказиш учун салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 14 миллиард доллардан ошди.

Инфратузилмани модернизация қилиш, саноат кооперациясини, қишлоқ хўжалигида технологиялар трансферини кенгайтириш ва «яшил» энергетикани ривожлантириш бўйича алоҳида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

ли цян, хитой, шавкат мирзиёев

Шунингдек, Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда Хитой компанияларининг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиши истиқболлари кўриб чиқилди.

22 январь куни Урумчи шаҳрида ўтган биринчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлар форуми ва саноат кўргазмаси натижалари юқори баҳоланди.

ли цян, хитой, шавкат мирзиёев

Хитойда шу кунларда таълим форуми ва Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилаётгани қайд этилди. Томонлар авиақатновлар ва сайёҳлик алмашинувини янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Якунда Мирзиёев ХХР бош вазирини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Аввалроқ «Газета.uz» Хитойнинг «Жэньминь жибао» газетасида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ва Хитой муносабатларига бағишланган мақоласи эълон қилингани ҳақида ёзганди. У янги йилда илк ташрифини Хитойга амалга ошираётгани чуқур рамзий маънога эгалиги ва муносабатлар «ўз тарихидаги энг яхши даврни» бошдан кечираётганини қайд этган.