Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова таълим муассасаларида болаларга нисбатан жисмоний жароҳат ва руҳий-психологик оқибатларга олиб келадиган қўпол муомала ёки зўравонлик ҳолатлари билан мутлақо муроса қилмаслик кераклигини айтди.

Чоршанба куни интернетда Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 255-сонли болалар боғчасининг тарбиячиси болага шиппак улоқтириб, лабини шикастлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Боланинг онаси боғча мудираси тарбиячига нисбатан ҳеч қандай чора кўрмаганини билдирди. Сурайё Раҳмонова вазиятни ички ишлар органлари билан биргаликда ўрганаётганини айтди.

«Тарбиячи ва педагоглар ўзининг бирламчи вазифаси, яъни болага таълим ва тарбия беришга зид равишда боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига зарар етказиши — йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат», — дейилади муносабатда.

«Мактабгача таълим ва мактаб муассасаларида болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик, номуносиб муомалага йўл қўяётган шахслар нафақат лавозимидан ёки вазифасидан озод этилиши, балки ҳар қандай ҳолатда қонун доирасидаги тегишли жавобгарликка тортилиши шарт», — деб ёзди болалар омбудсмани.

«Жавобгарлик чоралари боланинг ота-онаси эътироз билдириши ёки билдирмаслигидан қатъий назар қўлланилиши зарур. Зеро, болаларга нисбатан содир этилган ҳар қандай зўравонлик ҳолатининг жавобсиз қолиши нафақат бундай номаъқул амалиётни давом этишига, балки фарзандларимиз кўзида катталарга бўлган ишончни йўқолишига олиб келади», — таъкидлади Сурайё Раҳмонова.