Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Хитойга давлат ташрифининг ишбилармонлик тадбирлари доирасида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) бош қароргоҳида банк президенти Цзинь Лицюнь билан музокара ўтказди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мазкур халқаро молия институти билан стратегик шерикликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда қўшма лойиҳалар портфели 3 миллиард доллардан ошди, биргина 2023 йилда жалб қилинган инвестициялар ҳажми 1 миллиард долларга етди.

ОИИБ иштирокида Ўзбекистонда энергетика, сув таъминоти, автомобиль ва темирйўлларни реконструкция қилиш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шавкат Мирзиёев стратегик хомашёни чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида ижтимоий аҳамиятга эга дастурларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.

Учрашувда устувор йўналишлардаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 2026 йилгача мўлжалланган қўшма ҳамкорлик дастури қабул қилинди.

Марказий Осиё минтақасидаги стратегик муҳим инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Банк бошқарувчилари кенгашининг жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлажак йиллик йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг амалий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.