Тошкент ҳавосининг ифлосланиб бораётгани ОАВ ва жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Экология вазирлиги пойтахтда ҳавони муҳофаза қилиш бўйича бир қанча чораларни таклиф қилди. Улар орасида Аи-80 бензинини тақиқлаш ҳам бор. «Газета.uz» бу таклиф бўйича ҳайдовчилар фикрига қизиқди.

Тошкентдаги бир қанча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида ўтказилган сўровномада ўнга яқин ҳайдовчига қатор саволлар билан мурожаат қилинди. Хусусан, уларнинг пойтахт ҳавосининг ифлосланаётганига ҳамда Аи-80 бензинидан воз кечиш таклифига нисбатан муносабати сўралди.

Сўровнома қатнашчиларининг аксарияти Аи-80 бензинидан фойдаланиши ва ундан воз кеча олмаслигини айтди.

«Фақат Аи-80`дан воз кечилса, ҳаво тоза бўлиб қолмаса керак, тўғрими? Бошқа бензинлар ёки газлар сабабли ҳаво ифлос бўлмайдими? Аи-80 тақиқланса, бошқа бензинлар нархини тушириб қўйишадими? Мантиққа тўғри келадиган иш қилсак, яхши бўларди», — дейди ҳайдовчилардан бири.

Бошқа бир ҳайдовчининг айтишича, қолган бензинларнинг нархи сезиларли равишда пасайтириб қўйилса, улардан фойдаланиш мумкин.

«Лекин ҳозир биз Аи-80 деб олаётган бензин, бу 80 эмас. Стандартларга тўғри келадиган Аи-80 ҳеч қаерда сотилаётгани йўқ. Бу ҳақда қанча блогерлар ҳам чиқишлар қилиб, видеолар тайёрлади. Аммо бу масалани назорат қиладиган одам йўқ. Аи-80`ни Аи-92 деб сотишса, Аи-80 деб сотишаётгани асли Аи-80 бўлмаса, нима қилиш керак? Хуллас, гап кўп-да», — дея шикоят қилди у.

«Оддий халқни ҳам ўйлаш керак, кўпчилик шу бензиндан фойдаланади», — деди яна бир автоулов бошқарувчиси.

«Қолган бензинларни ишлатайлик десак, уларнинг нархи қиммат. Аи-80 айни пайтда халққа қулай бўлиб турибди. Агар у тақиқланса, халқ қийналиб қолади, деб ўйлайман. Аи-80 бензинидан асосан такси ҳайдовчилари фойдаланади ва кўпчилик шу орқали тирикчилик қилади. Чунки ишлай деса, иш йўқ, ишсиз», — дея фикр билдирди яна бир ҳайдовчи.

«Аи-80`дан воз кечишга тайёр эмасман. Агар ундан воз кечсак, тирикчилигимиз қолиб кетади», — деди ҳайдовчилардан бири.

Респондентларнинг кўпчилиги Аи-80 бензинидан воз кечиш ёхуд тақиқланган тақдирда ҳам, бошқа бензинларнинг нархини туширмаслик ишсизлар сони ортишига сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этди.

Шунингдек, сўровнома давомида ҳайдовчилар ўзлари бошқараётган транспорт воситаси Тошкент ҳавосининг ифлосланишига қай даражада таъсир кўрсатаётгани, тоза ҳаводан нафас олиш учун қандай амалий ишлар қилиш зарурлиги ҳақида ҳам фикр билдирди.