Андижон туманининг собиқ ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев (1974 йилда туғилган) жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман судининг 2023 йил 8 февралдаги ҳукмига мувофиқ ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган, дея хабар бермоқда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов. У собиқ ҳоким оқлангани ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Бугунги кунда А. Эгамбердиев унга суд ҳукми билан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари асосий жазосини белгиланган тартибда пробация гуруҳи ҳисобида ўтаб келмоқда», — деди Олий суд вакили.

Собиқ мансабдор Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207-моддаси 1-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 229−4-моддаси 2-қисми «а», «б» бандларида (Такроран, суғориладиган ерларнинг қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқишига сабаб бўлган ери бериш тартибини бузиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган.

Унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Абдужаббор Эгамбердиев ва унинг ҳимоячиси томонидан судга ўталмай қолган мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосидан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳақидаги аризаси тақдим этилган.

Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман судининг 18 январдаги ажрими билан А. Эгамбердиевнинг аризаси қаноатлантирилиб, у фақатгина ўталмай қолган 1 йил 3 ой 16 кун мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўшимча жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

Аввалроқ Абдужаббор Эгамбердиевнинг судлангани ҳақида хабар берилмаганди. У 2022 йил сентябрида президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан лавозимидан озод этилган. Маълум қилинишича, бундай қарорга «давлат хизматчиси этикасига номуносиб хатти-ҳаракатлари, раҳбарлик маданиятини сақламагани, ўтказилган қабулларда фуқароларга ҳурматсизликка йўл қўйгани ва фаолиятидаги бошқа камчиликлар» сабаб бўлган.

Бунгача туман ҳокимлиги матбуот хизмати қабулхоналарда ҳоким ва бошқа ҳокимлик вакиллари айвонда ўтиргани, аҳоли улардан бир неча метр нарида, бир даража пастда турган ёки ўтиргани суратларини эълон қилганди. Ҳокимлик хабарларида таъкидланишича, қабуллар «инсон қадр-қиммати йўлида» тамойили асосида ташкил этилган. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари суратларга изоҳ бериб, ҳокимни «хон» дея аташган.

Маълумот учун, Абдужаббор Эгамбердиев 2021 йилнинг февраль ойида Андижон тумани ҳокими лавозимига келганди. У бунгача Бўз тумани, Улуғнор тумани, Қўрғонтепа тумани ва Андижон шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи, шунингдек, Андижон вилояти ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаб келган.