Ўзбекистонда 2023 йилда аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг реал ўсиши 102,4 фоизни ташкил этди ва 2022 йилдаги 107,3 фоизга нисбатан секинлашди. Бу ҳақда Статистика агентлиги ҳисоботида маълумот берилган.

Аҳолининг умумий даромадлари доимий ёки такрорланувчи хусусиятга эга бўлган, йиллик ёки ундан кам вақт оралиғидаги даврда уй хўжалиги ёки унинг алоҳида аъзоларига тушадиган пул ва натура шаклидаги тушумлардан ташкил топади.

Агентликнинг дастлабки маълумотларига кўра, 2023 йил якуни бўйича аҳолининг умумий даромадлари 728,8 трлн сўмни ташкил этган. Умумий даромадларнинг номинал ўсиши 115 фоизни ташкил этган бўлса, реал ўсиш суръати 104,6 фоиз бўлган.

Аҳоли жон бошига умумий даромадлар 20 млн сўмни ташкил этди ва кўрсаткичнинг номинал ўсиши 112,6 фоиз, реал ўсиши эса 102,4 фоиз даражасида бўлди (2022 йилда 107,3 фоиз бўлган). 2023 йилда аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми Тошкент шаҳрида (44 млн 427 минг 900 сўм) ва Навоий (31 млн 445 минг 600 сўм), Бухоро (23 млн 480 минг 300 сўм), Тошкент (20 млн 730 минг 200 сўм) ҳамда Хоразм (20 млн 76 минг 600 сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар қайд этилди.

Инфографика: Статистика агентлигиИнфографика: Статистика агентлиги

Энг қуйи кўрсаткичлар Қорақалпоғистон Республикаси (14 млн 570 минг сўм), Наманган (15 млн 070,6 минг сўм) ва Фарғона вилоятларида (15 млн 716 минг 500 сўм) қайд этилди.

Ҳудудлар бўйича аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Тошкент шаҳри (7,6 фоиз), Навоий (5,7 фоиз), Сирдарё (4,4 фоиз), Андижон (4,4 фоиз) ва Жиззах (4,3 фоиз) вилоятларида кузатилди. Хоразм (-6,4 фоиз), Сурхондарё (-0,8 фоиз), Самарқанд (-0,5 фоиз), Бухоро (-0,4 фоиз), Наманган (-0,3 фоиз) вилоятларида жон бошига умумий даромадлар реал кўрсаткичи пасайган.

аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг реал ўсиши, умумий даромадлар