Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 33 942 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. АОКАда ўтган брифингда Мактабгача таълим агентлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева тизимдаги ишлар ҳақида маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, республикадаги жами мактабгача таълим ташкилотларининг 6780 таси давлат боғчалари, 27 162 таси эса нодавлат ташкилот ҳисобланади.

Нодавлат боғчалар таркиби:

  • хусусий — 847 та;
  • оилавий — 24 минг 927 та;
  • ДХШ асосидаги ташкилотлар — 1388 та.

Республикадаги 3−7 ёшли болалар сони 2 млн 930 минг 844 нафарни ташкил этмоқда. Шулардан 74 фоизи, яъни 2 млн 169 минг 538 нафари боғчага боради.

Тизимда 2023 йилда қилинган ишлар

2023 йил давомида 182 та давлат МТТлар таъмирланди. Бунда: 57 та янги боғча қурилди, 113 та боғча реконструкция қилинди, 2 таси мукаммал таъмирлашдан чиқди.

71 та ДХШ асосидаги НМТТлар (7100 ўринли) ҳамда 4402 та (116 998 ўринли) оилавий шаклдаги НМТТ очилди.

Мактабгача таълим билан қамраб олинган 661 945 нафар (93 фоиз) 6 ёшли болаларнинг 170 721 нафари 7490 та бошланғич таълимга бир йиллик бепул мажбурий тайёрлов гуруҳларига, 457 008 нафари 9031 та тўлиқ кунлик тайёрлов гуруҳларига, 33 429 нафари 1337 та қисқа муддатли тайёрлов гуруҳларига, 787 нафари мобил гуруҳларга қамраб олинди.

Ушбу кўрсаткич (6 ёш):

  • Навоий вилоятида — 95,2 фоиз;
  • Сирдарё вилоятида — 93,9 фоиз;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида — 93,4 фоиз;
  • Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида — 93 фоиз;
  • Тошкент шаҳри ва вилояти ҳамда Хоразм вилоятида — 92,8 фоиз;
  • Андижон ва Жиззах вилоятларида — 93,2 фоиз;
  • Наманган ва Қашқадарё вилоятида — 92,9 фоиз;
  • Самарқанд вилоятида — 92,5 фоизни ташкил этади.

2023 йилнинг май ойида Ўзбекистонда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқилиши маълум қилинганди.

2022−2026 йилги Тараққиёт стратегиясига кўра, 5 йилда мактабгача таълимдаги қамров даражасини 62 фоиздан 80 фоизга етказиш режалаштирилганди. 2026 йилга келиб эса 6 ёшли болаларни 100 фоиз мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш кутилмоқда. Бунинг учун эса 7 мингдан ортиқ нодавлат муассасаларни қуриш, 160 мингдан кўпроқ кадрлар малакасини ошириш мақсад қилинган.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида эса 2030 йилга келиб болаларни мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш режа қилинган.