16 май куни президент Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишиш давомида мутасаддиларга мактабгача таълим қамровини кенгайтириш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифасини қўйди, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бугунги кунда республикада 30 мингга яқин мактабгача таълим ташкилотларида 2 миллиондан зиёд ўғил-қиз тарбияланмоқда. Тизимга болаларни қамраб олиш кўрсаткичи 72 фоизга етган.

Жойларда ўтказилган очиқ мулоқотларда аҳоли боғчаларни янада кўпайтириш истагини билдирган. Шунга асосан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мактабгача таълим жараёнини янги тартибда ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Тақдимотда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, боғчаларда сифат ва қамровни ошириш, бу борада илғор хорижий тажрибаларни жорий қилиш чоралари ҳақида ахборот берилди. Хусусан, аҳолиси зич ёки қамров кўрсаткичи паст бўлган ҳудудларда янги давлат боғчалари қурилади ҳамда хусусий сектор кенгайтирилади. Кам қувватда ишлаётган мактабларда тайёрлов гуруҳлари ташкил этилади.

Шавкат Мирзиёев бу соҳа аёлларга енгиллик яратиш ва фарзандлар тарбиясида муҳим эканига алоҳида эътибор қаратди. Мутасаддиларга таълим сифатини яхшилаш, дастурларни такомиллаштириш, давлат-хусусий шериклик муносабатларини янги босқичга кўтариш юзасидан кўрсатмалар берди.

Тараққиёт стратегияси лойиҳасига кўра, келгуси 5 йилда мактабгача таълимдаги қамров даражасини 62 фоиздан 80 фоизга етказиш режалаштирилганди. 2026 йилга келиб эса 6 ёшли болаларни 100 фоиз мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш кутилмоқда. Бунинг учун эса 7 мингдан ортиқ нодавлат муассасаларни қуриш, 160 мингдан кўпроқ кадрлар малакасини ошириш мақсад қилинган.