Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев бошчилигидаги делегация 19−20 январь кунлари Уганданинг Кампала шаҳрида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракатининг 19-саммитида иштирок этди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Учрашувда халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган, шунингдек, глобал миқёсда тинчлик ва барқарорлик ҳамда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашда ҳаракатнинг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.

Йиғилишда ҳаракатнинг барча аъзолари 2027−2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракати раислигига Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлаган. Делегация бунинг учун уларга миннатдорлик билдириб, иштирокчиларни Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берган.

ТИВ раҳбари ўринбосари Баҳромжон Аълоев ўз нутқида халқаро транспорт тармоқлари ва инфратузилмаларини ривожлантириш, иқтисодий ва молиявий тизимларни такомиллаштириш бўйича ҳаракат доирасида яқин ҳамкорликни ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган.

«Можароларни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича ташаббусларни ишлаб чиқиш, табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларга тайёрликни кучайтириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш муҳимлиги қайд этилди», — дейилади хабарда.

Тадбирда 100 дан ортиқ давлат делегациялари, жумладан, давлат, ҳукумат, ташқи ишлар идоралари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирок этган.

Маълумот учун, Қўшилмаслик ҳаракати ҳарбий-сиёсий блоклар ва ташкилотларда иштирок этмасликни ҳамда ҳамкорликни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг принцип ва мақсадлари асосида ривожлантиришни ўз ташқи сиёсатининг асоси этиб эълон қилган 120 та иштирокчи давлатни бирлаштирган энг йирик халқаро тузилмалардан бири ҳисобланади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қўшилмаслик ҳаракати саммитидаги нутқида ташкилот аъзоларининг БМТ Хавфсизлик кенгашида доимий ўрни бўлиши кераклиги ҳақида гапирганди.