Ўзбекистон халқ артисти, актёр ва режиссёр Турғун Азизов 22 январь куни 90 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Киноарбоблар ижодий уюшмаси матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари ва бутун ижод аҳлига чуқур ҳамдардлик изҳор қилади», — дейилади хабарда.

Турғун Азизов 1934 йил 30 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1956 йилда собиқ Ўзбекистон Давлат театр ва рассомчилик институтини тамомлаб, Миллий академик драма театрига ишга қабул қилинган. 33 ёшида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган. 1974 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонини олган. Шунингдек, марҳум «Меҳнат шуҳрати» (2001 йил) ҳамда «Фидокорона хизматлари учун» (2003 йил) орденлари соҳиби ҳам ҳисобланади.

Фаолияти давомида «Мафтунингман», «Одамлар орасида ёлғиз», «Ҳаёт тунда ўтиб кетди», «Оловли йўллар», «Қабрдан қайтган умр», «Нодирабегим» каби кўплаб фильмларда роллар ижро этган. Театр саҳнасида эса актёрлик билан бир қаторда 15 дан ортиқ спектаклларни режиссёр сифатида саҳналаштирган.