Ўзгидромет хизмати агентлиги матбуот хизмати 22−26 январь кунлари кутилаётган об-ҳаво маълумотларини эълон қилди.

Душанба куни Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон ҳудудидан илиқ ҳаво массалари кириб келиши бошланади, республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кундузи +9…+12 даража илиққача исийди.

23−24 январь кунлари илиқ ҳаво кириб келиши давом этади, республика ҳудудининг катта қисмида қуёшли ва очиқ ҳаво кузатилади.

24 январда республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Волгабўйи ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Республика ҳудудининг катта қисмида 23−24 январь кунлари ҳарорат кечалари +2…+5 даража илиққача, кундуз кунлари +12…+15 даража илиққача кўтарилади, шимолий ҳудудларда эса 24 январда кундузги ҳарорат −2…−7 даража совуққача пасаяди.

25 январда нам ва совуқ ҳаво массалари мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади, республика бўйича ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Ҳарорат кундузи +4…+9 даража илиққача пасаяди, шимолий ҳудудларда кечаси −6…−11 даража совуқни ташкил этади, кундузи −2…−7 даража совуқдан ошмайди.

26 январда республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли сақланиб туради, шимоли-ғарбий ҳудудларда эса ёғингарчилик тўхтайди. Ҳарорат кечаси 2 даража совуқ-3 даража илиқ, кундузи +3…+8 даража илиқ, шимолда кечаси −6…−11 даража совуқ, кундузи 0…−5 даража совуқ атрофида бўлади.

Пойтахтда душанбада қуёшли ва очиқ ҳаво бўлиши кузатилади. Шарқий йўналишдаги шамол 3−8 м/с тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати кундузи +10…+12 даража илиқни ташкил этади.

23−24 январь кунлари пойтахтда ёғингарчилик кутилмайди. Эртага кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шарқий йўналишдаги шамол тезлиги 3−8 м/с бўлади. Ҳаво ҳарорати 23 январда кечаси 0…+2 даража илиқ атрофида бўлади, 24 январда кечаси +3…+5 даража илиққача кўтарилади, кундузи 23−24 январда ҳарорат +12…+14 даража илиқ атрофида бўлади.

25 январда пойтахтда вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 5−10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +5…+7 даража илиққача кўтарилади, кундузи +7…+9 даража илиққача пасаяди.