Уральск-Атирау трассасида содир бўлган ЙТҲ оқибатида уч киши — Ўзбекистондан бўлган бир оила ҳалок бўлди. Яна бир бола касалхонага ётқизилди, деб хабар берди Nur.kz Ғарбий Қозоғистон полиция департаментига таяниб.

Вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ЙТҲ 20 январь куни соат 17:00 да Уральск-Атирау трассасида, Оқжайиқ тумани Самал қишлоғи яқинида содир бўлган. «Mazda автомашинасининг 1983 йилда туғилган ҳайдовчиси, Ўзбекистон фуқароси, дастлабки маълумотларга кўра, рулда ухлаб қолган ва қарама-қарши йўлга чиқиб кетган, сўнг DAF юк машинаси билан тўқнашиб кетган», — дейилади хабарда.

Ҳайдовчи ва автомобилнинг икки йўловчиси — 1984 йилда туғилган аёл ва 2012 йилда туғилган вояга етмаган бола олган тан жароҳатлари туфайли вафот этган. 2009 йилда туғилган яна бир бола касалхонага ётқизилган.

Қайд этилишича, ҳалок бўлганлар Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, бир оила аъзолари саналади. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари бошланган.