Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец 22 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Осиё Кубоги гуруҳ босқичи 3-тур учрашувлари доирасида Австралияга қарши кечадиган ўйин ҳақида гапирди. Ўйин 23 январь (сешанба) куни соат 16:30 да бўлиб ўтади.

У футболчилар ўз имкониятларидан максимал фойдаланишига умид билдирди.

«Австралия дастлабки икки ўйинда турли услубдаги жамоаларга қарши яхши ўйин ўтказди. Рақиб жарима майдончаси яқинида эркин ҳаракат қилди. Биз бунинг олдини олишга ҳаракат қиламиз. Австралия турли усулларда ўйнай олади. Улар жуда яхши қурилган, стандарт вазиятларда жуда хавфли — бурчак тўплари, жарима зарбалари. Биз шу жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратишимиз керак… Лекин бу учинчи ўйин, кўрамиз, қайси ўринга жойлашаркинмиз, мен учун [бу ўйин] алоҳида аҳамият касб этмайди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, таркибда бир қанча ўзгаришлар режалаштирилган.

«Мен футболчилардан ҳар доим сўрайдиган нарсамни сўрайман — профессионал бўлиш. Биз ҳам бошқа жамоалар учун қийин рақиб эканимизни биламан, футболчилар ҳам билишади. Биз яхши тайёргарлик кўрган ҳолатда бўлишимиз керак. Умид қиламанки, имкониятларимиздан максимал унумли фойдаланамиз», — дейди мураббий.

Бош мураббий кейинги босқичга чиқиш масаласи ҳал қилинаётган муҳим учрашувлар олдидан футболчиларга босим ўтказмасликка ҳаракат қилишини айтди.

«Мағлубиятга учраган тақдиримизда ҳам гуруҳдан чиқишга 90 фоиз имкониятимиз бор. Аввал ҳам айтганимдек, ўз ўйинимизни кўрсатишга, ҳар доимгидек ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Мен ҳеч қачон футболчиларимга ғалаба қозонмаслигимиз кераклигини айтмаганман», — деди у.

Ярим ҳимоячи Одилжон Ҳамробеков олдинда тартибли жамоага қарши қизиқарли ўйин кутаётганини таъкидлади

«Жамоамиздаги ички муҳит аъло даражада, бунга аввалги ўйиндаги ғалаба ҳам яхши таъсир қилди. Яхши натижанинг ҳам, ёмон натижанинг ҳам ҳар доим якуни бор. Фақат статистика қолади. Эртага жамоамиз Австралияга қарши ўйинлардаги голсиз ва мағлубиятли серияга барҳам бериш учун бор кучини ишга солади», — деди у.

«Бундай нуфузли турнирда иштирок этиш олдидан барча каби биз ҳам ўз олдимизга юқори мақсадни қўйганмиз. 90 дақиқа ичида исталган нарса содир бўлиши мумкин. Замонавий футболда даражаси пастроқ жамоалар кучли жамоалар учун катта муаммога айланмоқда. Футболчиларда дуранг ўйнасак, кейинги босқичда мана бу рақибга, ғалаба қозонсак эса, бунисига тушамиз, деб ўйлашга вақт ҳам, имконият ҳам йўқ. Барча футболчилар ҳар бир ўйинда бор кучларини беришади», — деди Одилжон Ҳамробеков.

Австралия терма жамоаси бош мураббийи Грэм Арнольд ҳужумчи Митчелл Дьюк Ўзбекистонга қарши ўйинни жароҳати туфайли ўтказиб юбориши, шу сабабли асосий таркибда ўзгаришлар бўлишини айтди.

«Бизда кейинги жаҳон чемпионатида иштирок эта олмайдиган ёши катта футболчилар бор ва мен ғалаба қозонишим кутилаётган пайтда уларга ўринбосар ҳам топишим керак. Шундай экан, таркибда ўзгаришлар бўлади, лекин бу жамоа кучига таъсир қилмайди», — деди у.

Австралия аллақачон 1/8 финал йўлланмасини қўлга киритган ва 6 очко билан B гуруҳининг камида иккинчи поғонасидан жой олишни кафолатлаган, Ўзбекистон эса 2 очко камроқ натижа билан иккинчи ўринда.

Ўзаро ўйинлар

Австралия терма жамоаси 2015 йилда Осиё Кубогида ғалаба қозонган, жамоа 4 карра Океания кубоги ғолиби ҳисобланади. Жаҳон чемпионатидаги энг яхши натижаси 1/8 финалга чиқиш бўлиб, бу ҳолат 2006 ва 2022 йилларда содир бўлган. Тарихдаги энг яхши тўпурари ҳужумчи Тим Кэйхилл бўлиб, унинг ҳисобида 50 та гол бор. ФИФА рейтингида жамоа 25-ўринни эгаллаб турибди, энг яхши кўрсаткичи 2009 йилда қайд этилган — 14-ўрин.

Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогидаги энг яхши натижасига 2011 йилда Қатарда бўлиб ўтган турнир ярим финалига чиққанида эришган. Жамоа 1994 йилда Хиросимадаги Осиё ўйинларида ғолиб чиққан. Миллий терма жамоанинг энг яхши тўпурари Элдор Шомуродов — 36 та гол урган. ФИФА рейтингида жамоа 68-ўринни эгаллаб турибди, энг юқори кўрсаткич 2007 йил бошида қўлга киритилган — 45-ўрин.

Жамоалар ўзаро бор-йўғи тўрт марта ўйнаган. Икки марта Жаҳон чемпионати саралаш босқичида ва икки марта Осиё кубоги ўйинларида. Барчасида австралияликлар ғалаба қозонган. Сўнгги учрашув 2019 йилги Осиё Кубогининг 1/8 финали доирасида бўлиб ўтган, унда Австралия пенальтилар серияси орқали ғолиб бўлган. Ўзаро ўйинлар статистикаси:

  • Осиё кубоги. 21.01.2019, Австралия — Ўзбекистон — 0:0 (пен. 4:2);
  • Осиё кубоги. 25.01.2011, Ўзбекистон — Австралия — 0:6;
  • Жаҳон чемпионати саралаши. 04.01.2009, Австралия — Ўзбекистон — 2:0;
  • Жаҳон чемпионати саралаши. 18.09.2008, Ўзбекистон — Австралия — 0 : 1.

Осиё Кубогининг 1/8 босқичига гуруҳлардаги энг кучли иккитадан жамоалар, шунингдек, учинчи ўринни эгаллаган тўртта энг яхши жамоа йўл олади. Ўзбекистон Австралияга мағлуб бўлса ва Сурия Ҳиндистонни йирик ҳисобда мағлуб этса, гуруҳда учинчи ўринни эгаллаши мумкин. Бошқачасига Ўзбекистон гуруҳдан биринчи ёки иккинчи ўринда чиқади.