Интернет ҳаётимизни енгиллаштирди. Масофаларни йўққа чиқариб, фикрлар чегараларини йўқотди. Бироқ…

Интернет янги чақириқларни ҳам юзага келтирди. Энди ахборот макони орқали таҳдид, туҳмат, инсон шаъни ва қадр-қимматини топташ, кибербуллинг, киберзўравонлик, таъқиб ва ҳоказоларни амалга ошириш имкони кенгайди. Ушбу ҳолат бир томондан сўз эркинлиги ҳосиласи, бошқа томондан эса айнан сўз эркинлигига таҳдид сифатида намоён бўлмоқда.

Аноним террор

Герберт Уэлснинг «Кўринмас одам» асарини кўпчилик ўқиган. Асар бош қаҳрамони тиббиёт олими жаноб Гриффин ўз устида тажриба қилиб кўзга кўринмай қолади. Кўринмаслик унга катта имкониятлар беришини тушуниб етади ва одамларни қўрқитиш орқали террор кампаниясини бошламоқчи, алалоқибат, ҳокимиятни қўлга киритмоқчи бўлади. Дўсти Кэмпга режасини айтганида, у рози бўлмай полиция чақиради. Бундан ғазабланган Гриффин дўстини ўлдириш учун таъқиб қилади.

Гриффинни жиноятчи ва потенциал террорчига айлантирган, албатта, бошқа омиллар қатори кўзга кўринмаслиги, шахсини аниқлаш имкони йўқлиги ва бунинг натижасида қилмишлари учун жазо олмаслиги эди.

Кўринмас одам образи бугун ахборот майдонидаги айрим «ўйинчи»ларга жуда ўхшайди. Шахсини аниқлаш қийинлиги ва қилмишларининг жазосизлиги уларни қайсидир маънода «монстр»га айлантиргандек.

Аноним мурожаатлар кўриб чиқилмайди!

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунда шундай дейилган. Нима учун?

Аноним хатлар (юмалоқ хат)ларнинг тарихимиздаги мудҳиш роли кўпчиликка маълум. Сталин даври қатағонларида айнан аноним мурожаатлар билан одамлар устидан жиноий иш очилиб, «учлик» ҳукми ўқилган.

Айтишларича, «юмалоқ хат»ларни ўқиш Сталиннинг севимли машғулоти эди, яъни шу орқали халқнинг кайфияти ва турмушидан бевосита хабардор бўлиб тураман деб ўйлаган. Аноним мурожаатлардан жиноий ишлар ясашда эса Лаврентий Бериянинг олдига тушадигани йўқ эди.

Ушбу жараёнларда ОАВ ҳам катта роль ўйнаган. «Бошқача фикрлилар»га қарши шахси номаълум одамдан келган «чақув»лар газеталарда эълон қилинган, кейин бу хабарга турли кишиларнинг муносабатлари «уюштирилган», натижада одамлар ўша шахснинг жиноятчи эканига ишонтирилиб, қатағонларга легитимлик берилган.

Сталин вафотидан кейин органлар аноним мурожаатларнинг ҳар бирини текшириш ортиқча, бемаъни ва зарарли иш эканини англади ва буни тўхтатди.

Бироқ, XXI асрнинг учинчи ўн йиллигига келиб интернет асрида ушбу «сиёсий технология» яна фаоллаштириляпти.

Ҳамма билади, лекин ҳеч ким айтмайди

Анонимлик шахсий ҳаёт дахлсизлиги, фикр эркинлиги, сиёсий босимлардан ҳимояланиш, жамоатчилик муҳокамаларида эркин иштирок этиш имконини беради, деб ҳисоблайди кўпчилик. Тан олиш жоиз, бу фикрларда жон бор.

Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясида ҳам, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар халқаро пактида ҳам анонимлик ҳуқуқи тилга олинмаган. Ушбу пакт лойиҳасида 19-модданинг 1-пунктига «анонимликка йўл қўйилмайди» деган жумла киритиш таклиф қилинганида, рад этилган.

Шу билан биргаликда ҳуқуқшунослар томонидан анонимликнинг қуйидаги салбий жиҳатлари ҳам тан олинган:

  • интернет маконида жиноят қилганларнинг шахсини аниқлаш ва жавобгарликка тортиш деярли имконсизлиги,
  • тақиқланган ахборотлар (терроризм, зўравонлик, порнография, инсон шаъни ва қадр қимматини таҳқирлаш) тарқатиш имконияти ошиши;
  • интернет орқали мулоқотга нисбатан ишончнинг пасайтириши.

«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига кўра, веб-сайт ёки саҳифанинг эгаси, шу жумладан, блогер шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари, шаъни ва қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ерга урмаслиги лозим. Бундан ташқари, ахборот ресурсларидан жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ўзга ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланиш тақиқланган.

Ўзбекистон маъмурий жавобгарлик ва жиноят қонунчилигида туҳмат, ҳақорат қилиш, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган.

Аммо «кўринмас одам»лар ушбу ҳуқуқбузарликларни мунтазам равишда ва қасддан содир этиб келаётган бўлса-да, анонимлиги сабабли ахборот ресурслари эгаларининг мазкур ноқонуний ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўриш кўриш имконияти мавжуд эмас.

Афсуски, «KompromatUzb» иши сабоқ бўлмади. Аксинча, орадан бир йил ўтиб ахборот маконида «аноним террор» янги босқичга чиқди. «Компромат»чилар моддий манфаат йўлида иқтисодий жиноят қилгани айтилса, эндиги анонимлар тобора сиёсийлашиб бормоқда.

Унинг энг биринчи зарари, табиий, сўз эркинлигига таҳдиддир. Бу жамоатчилик фаоллари, журналистлар, блогерларга нисбатан «киберзўрвонлик» шаклида намоён бўлмоқда.

Бу ерда кўпчилик интернет фойдаланувчилари эътибор бермайдиган яна бир нозик жиҳат мавжуд. Бу аноним постларни улашган («репост», «лайк») шахсларнинг жавобгарлигидир. Қонунчиликка мувофиқ, қонунга зид ахборотни тарқатган ҳар бир шахс, ахборот яратувчиси бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, қонун олдида ахборот яратувчи билан тенг жавоб беради. Чунки, у «репост», «лайк» орқали ўзи билмаган ҳолда ноқонуний ахборотни кўпчилик кўришига сабабчи бўлиб қолади.

Бундан ҳам жиддийроғи, энди улар тергов-суриштирув ва суд тизимларининг ўрнини ҳам эгалламоқчи. Ўзлари айблов эълон қилади, ҳукм ўқийди ва жазолайди. Шахсий маълумотларни ошкор этади, туҳмат уюштиради, нафрат тили орқали шаън ва қадр қимматни топтаб, САЗОЙИ қилади.

Бирор жиноят ҳақида ОАВга маълумот берилганида, ҳатто суд материалларида ҳам, одатда, фигурантлар шахсий маълумотлари (исм-фамилияси, сурати ва ҳк) ошкор қилинмайди. Чунки қонунчиликда ўта оғир жиноят санкциясида ҳам САЗОЙИ ҚИЛИШ деган жазо йўқ. Бу энг ғайриинсоний қилмиш бўлиб, замонавий дунё уни рад этган.

Ушбу манбалар эса шахснинг нақафат ўзи, балки оила аъзолари, фарзандлари (ёш болаларнинг) суратлари ва маълумотларини ошкор қилиб очиқчасига ахборот террори, «самосуд» уюштиряпти. Гўёки қонуний давлат тизимларига параллел виртуал жазо тизими яраляпти.

Бу ошкора қонунсизлик қиссасини ҳамма ўқиб турибди, лекин ҳеч ким индамайди.

Оқибати қандай бўлади?

Ҳуқуқлар жиноятларга қурол бўлмаслиги керак. «Менинг ҳуқуқим ўзганинг ҳуқуқи бошланган жойда тугайди» тамойили ишламас, ҳуқуқлар суиистеъмол қилинар, ё мақсадга номувофиқ тарзда фойдаланилар экан, бундай ҳуқуқнинг мавжудлиги хавф остида қолади.

Бошқача қилиб айтганда, сўз эркинлиги суиистеъмол қилиниб, инсон шаъни ва қадр-қимматига дахл қилиш қуролига айлантирилар экан, мазкур ҳуқуқнинг йўқотилиши хавфи пайдо бўлади. Бу эса алалоқибат унинг чекланишига олиб келади.

Ҳозирнинг ўзидаёқ анонимлар нишонига айланган фаолларда сукут сақлаш, ички цензура пайдо бўлган.

Таниқли журналистлар, зиёли инсонлар томонидан интернет фойдаланувчиларини назорат қилиш ва Хитой модели тўғрисида таклифлар янгради. Албатта, ушбу таклифлар ортида анонимлар томонидан уюштирилган киберзўравонликдан задалик (субъектив ҳислар) турган бўлса ҳам, бу фикр очиқ жамоатчиликка айтилди ва резонанс келтириб чиқарди.

Таклиф амалга ошса, аввало, жамоатчилик, хусусан, жамоатчилик фаоллари ва сўз эркинлиги жабр кўради.

«Кўринмас одам» эса кўринмаслигича қолаверади. Чунки дунё кенг, интернет чегарасиз, тармоққа хориждан туриб кирган ҳолда аноним қолиб «ўз ишини» давом эттиравериш мумкин.

Бундан ташқари ўзаро ишончсизлик, тушкунлик пайдо бўлиб, журналистлар орасида эндигина тетапоя бўлаётган ҳамжиҳатликка путур етяпти. Худди 30-йиллардагидек «деворнинг ҳам қулоғи бор, ҳар гапни гапираверма, муҳокама қилма, тинч ўтир» деган кайфият юзага келиши муқобил ахборотнинг яратилишини камайтиради, муҳокамаларни тўхтатади, муаммолар айтилмай, ички босим ортишига олиб келиши мумкин.

Парадокс шундаки, сўз эркинлигини таъминлаш учун керак дейилган анонимлик ҳуқуқи сўз эркинлигини чеклашга олиб келмоқда.

Нима қилмоқ керак?

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида шундай деди:

«…Агар биз Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратишни ўз қўлимизга олмас эканмиз, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бермас эканмиз, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратиб берган бўламиз. Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумот, реал воқеаларга бўлган эҳтиёжни биз қондирмас эканмиз, буни бошқалар қилади. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Ҳар қандай танқидга жавоб бериш керак. Журналист ҳақ бўлса, буни тан олишимиз керак. Ноҳақ бўлса, унга тушунтириш орқали ёлғон хабарларнинг олдини олишга ўрганишимиз ва бутун жамиятимизга шуни тушунтиришимиз керак, бу нопок ва ёлғонлигини. «

Сўз эркинлигининг аҳамияти шу даражада экан, унга таҳдидлар миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳоланиши ва уни амалга ошираётганлар ким бўлишидан қатъи назар топиб жавобгарликка тортилиши лозим.

Аноним манбалар ҳам жамиятнинг муаммолари, оғриқларини олиб чиқяпти-ку деган эътироз бўлиши мумкин. Мақсад ҳар доим ҳам воситани оқламайди. Шу сабабли ҳамма масалалар қанчалик мураккаб, қийин бўлмасин фақат қонуний майдонда ҳал қилинмоғи керак. Жамоатчилик айнан шуни сўраши, жамоатчилик назорати эса айнан қонуний усуллар билан муаммолар ҳал этилишини талаб қилишдан чарчамаслиги керак.

Жамият ахборот маконидаги бугун бўлаётган ҳодисалар ва уларнинг истиқболи борасида чуқурроқ ўйлаши, бировнинг шаъни ва қадр-қиммати топталиши ва жазосиз қолишига нисабатан тоқатсиз бўлиши керак. Фаоллар эса чекловларни эмас, балки ҳамжиҳатликни тарғиб қилишлари лозим.

Бизнинг профессионал журналистикамиз этика ва ҳамжиҳатликнинг аҳамиятини зарур даражада англаб етмоғи лозим. Бугунги кунда журналистларимиз ва жамоатчилик фаоллари орасидаги муносабатлар асосан шахсий танишлик, дўстлик, қачондир бир таҳририятда ишлаганлик ва ҳоказо субъектив омиллар асосида шаклланган. Бироқ умумий қадриятлар ва ғоялар йўлида бирлашув, ижтимоийлашув яққол сезилмайди.

Биргина мисол. Мамлакатимизда сўз эркинлиги, ОАВ билан боғлиқ бир нечта саналар бор. Ушбу саналар асосан тадбир, танловлар ғолибларини тақдирлаш ва журналистларга совға бериш билан ўтади. Негадир этика, профессионализм ва ҳамжиҳатлик ҳақида шу тадбирларда кам гапирилади. Энг ачинарлиси, ҳар сафар танловлар ва тадбирлардан кейин «нега унга мукофот берилди, бунга-чи?» деган мазмунда чиқишлар кўпаяди.

Босма ва электрон ОАВ вакиллари ўртасидаги кўп йиллардан бери давом этиб келаётган тортишувлар, мажбурий обунадан тортиб «сайтлардаги маълумотларга ишонч йўқ» деган иддаоларгача — бари ўзбек журналистикасида бирлаштирувчи ғоялардан кўра ажратувчи ва парчаловчи тенденциялар устунлигини кўрсатади.

Аноним террор айнан шу парчаланиш, бўлиниш нуқталаридан ўсиб чиқмоқда. Чунки ўша манбаларни ҳам журналистикадан хабари бор, ахборот билан ишлаш кўникмасига эга инсонлар юритяпти.

Соҳанинг ички муаммоларини ҳал этмай туриб уни ҳимоя қилиш қийин. ОАВ ходимлари, журналистлар ва ижтимоий фаол шахслар муҳимни номуҳимдан ажратиб, сўз эркинлигини улуғ қадрият сифатида белгилаб, уни приоритетга олиб чиқишлари ва энг аввало шу қадрият учун ҳамжиҳатлик намоён этишлари замон талабидир.

Қайсидир фаол ёки журналист «аноним террор» нишонига айланганида, сукут сақлаш ёки «шу гап ростми» деб тарқатиш, муҳокама қилиш — айнан ўша «кўринмас одам» кутаётган ва режалаган ҳаракатдир.

«Кўринмас одам» қўрқадиган, бироқ «барибир содир бўлмайди» деб ўйлайдиган хавф — бу фош бўлиш ё жавобгарликка тортилиш эмас, балки кўпчилик томонидан рад этилиш ва умуман эътиборсиз қолиш, яъни ижтимоий «игнор»дир.

Хулоса ўзингиздан.

Шаҳноза Соатова, жамоатчилик фаоли
Фурқат Тожиев, ҳуқуқшунос