19 январь соат 20:00 атрофида Сурхондарё вилояти Денов туманида Nexia ва автозак транспортлари ўртасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Воқеа туманнинг «Водий» маҳалласидан ўтувчи йўлида содир бўлган. 36 ёшли ҳайдовчи Nexia машинасини бошқариб келиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.

Оқибатда ҳайдовчи бошқарувни юқотиб, қарама-қарши йўналишдан келаётган Сурхондарё вилояти ИИБ хўжалик бўлимига тегишли «ГАЗон Некст» автозакнинг йўналишига чиқиб кетиб, тўқнашув содир этган.

ЙТҲ оқибатида Nexia туртиб кетган 41 ёшли пиёда оғир тан жарохатлари сабабли туман шифохонасида ётқизилган. Мазкур автомашина ҳайдовчиси ва бир нафар йўловчи эса шифохонада вафот этган.