2024 йил 18 январь куни Кампала шаҳрида (Уганда) Ўзбекистон ва Уганда ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди.

Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев ва Уганда ташқи ишлар вазири Жеже Одонго имзолади.

Шундай қилиб Уганда Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 145-давлат бўлди.

Суҳбат чоғида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.

Уганда ТИВ раҳбари Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш устувор йўналиш этиб белгиланган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини ҳамда давлат раҳбари томонидан халқаро миқёсда илгари сурилаётган ташаббусларни расмий Кампалада юқори баҳолашларини таъкидлади.

Аввалроқ Ўзбекистон Тринидад ва Тобаго билан дипломатик муносабатлар ўрнатганди.