АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан йўлга қўйилган Self Defense Camp — хотин-қизларнинг ўзини ўзи ҳимоя қилишига қаратилган курсларида 2023 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида машғулот ўтаган 60 дан ортиқ битирувчилар тақдирланди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

17 январь куни элчихонада ўтган маросимда элчи Жонатан Хеник, Ўзбекистон президентининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси — президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров ва унинг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Президент хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Отабек Умаров, Президент администрациясининг Ташқи алоқалар департаменти Ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни ахборот-таҳлилий таъминлаш бошқармаси бошлиғи Нозима Давлетова ва бошқалар иштирок этди.

Тадбир аввалида машғулотларда қатнашган хотин-қизларнинг айримлари амалий спорт машғулотларини саҳна кўриниши тарзида намойиш қилди.

Маросимда Жонатан Хеник нутқ сўзлаб, аёллар учун мўлжалланган мазкур лойиҳа аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.

«Дипломат сифатидаги асосий вазифам музокаралар олиб бориш ва тинчликка эришишдир. Балки одамларда „Америка элчихонаси нима сабабдан ўзини ўзи ҳимоя қилиш машқларини йўлга қўйди, мақсад нима?“ деган саволлар туғилиши мумкин. Лойиҳа доирасида олиб борилаётган жисмоний ва психологик машғулотлар орқали хотин-қизларнинг ўзига бўлган ишончи ошишига ҳисса қўшмоқчимиз. Ўзбекистон фуқаролари, айниқса, аёллар тўлиқ салоҳиятга эришишлари учун ўзига нисбатан ишончни ривожлантириши зарур. Лойиҳамиз мақсади ҳам шунга қаратилган», — деди у.

Элчининг сўзларига кўра, лойиҳага қизиқиш билдириб, ариза топширувчилар сони тобора ортиб бормоқда. 2021−2023 йилларда жами 464 нафар аёл-қиз ўзини ўзи ҳимоя қилиш машғулотларини тамомлаган.

«Ушбу лойиҳани пойтахтдан ташқари ҳудудларда ҳам аста-секин оммалаштирмоқчимиз. Яқинда Қарши шаҳрида бошладик, кейинги манзилимиз — Урганч шаҳри. Аммо ресурсларимиз чеклангани боис мамлакатнинг барча шаҳарларида буни бирданига йўлга қўя олмаймиз. Агар нодавлат ёки давлат ташкилотлари ушбу дастуримиз географиясини кенгайтиришга шай бўлишса, биз биргаликда ҳамкорлик қилишдан хурсанд бўламиз», — деди Жонатан Хеник.

АҚШ элчиси ОАВ вакилларининг «Сизнингча, лойиҳани мамлакатдаги таълим масканларида ҳам тизимли жорий этиш керакми?» деган саволига жавоб қайтараркан, шундай деди:

«Бу масалада ҳукуматга махсус тавсиялар бера олмайман. Лекин ҳукумат бу лойиҳани яхши деб баҳоласа ва мактаб ёки бошқа таълим муассасаларида йўлга қўйишни маъқул деб билса, биз ҳамкорлик қилишга, ёрдам беришга тайёрмиз», — деди у.

Жонатан Хеникнинг қайд этишича, гендерга оид зўравонлик нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё, хусусан, АҚШда ҳам долзарб муаммо ҳисобланади. «Бу муаммо инсонга жисмоний ва руҳий зарардан ташқари, ўзини ўзи ривожлантиришидаги имкониятларига ва тенгликка путур етказади», — деди элчи.

У 2023 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган қонунни имзолаганини эътироф этди.

«Жаноб Мирзиёевнинг ўзи менга „Бу ҳали бошланиши“, деганди. Қонуннинг қабул қилингани жуда катта янгилик ва яхши ҳолат бўлди. Лекин уни амалиётда қўллаш каби ишларга бир неча йил вақт керак бўлади. Америка ҳукумати, АҚШ элчихонаси бу масалада ҳам қўлидан келган кўмакни кўрсатишга ва жамиятнинг ушбу муаммога бўлган қарашини ўзгартиришда ёрдам беришга ҳар доим тайёр. Умид қиламизки, бизнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш машғулотларимиз Ўзбекистонда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга ўзига яраша ҳисса қўшади», — деди АҚШ элчиси.

Тадбир якунида 60 дан ортиқ хотин-қизга статуэтка топширилди. Бундан ташқари, лойиҳани амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилган мутахассисларга сертификатлар берилди.

Лойиҳа ҳақида

Хотин-қизлар учун мўлжалланган ўзини ўзи ҳимоя қилиш машғулотлари лойиҳаси АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан 2021 йилдан буён амалга оширилиб келинмоқда. Иштирокчилар профессионал мутахассислар томонидан ўтиладиган машғулотлар давомида ўзини жисмоний зўравонликдан ҳимоя қилиш, яхши жисмоний ҳолат ва осойишталикни сақлаш учун бир қатор техника ҳамда машқларни ўрганади. Шунингдек, психологлар низоларни ҳал қилиш, очиқ мулоқот ва стрессни бошқариш усулларини ўргатади. Машғулотлар уч ой давом этади.

Ёши турлича бўлган хотин-қизлар учун алоҳида иккита гуруҳ тузилади. Ҳар бир гуруҳдаги иштирокчилар сони 30 кишидан ошмайди. «А» гуруҳга — 13 ёшдан 17 ёшгача бўлган қизлар, «Б» гуруҳга — 18 ёшдан ошганлар қабул қилинади. Машғулотлар жисмоний тайёргарлик даражасидан ёки олдинги машғулот тажрибасидан қатъи назар, 13 ёшдан ошган қизлар ва аёллар учун мўлжалланган. Уларда қатнашиш бепул.