2023 йил давомида Ўзбекистонда 1,69 млн дона автотранспорт воситаси сотилди, бу 2022 йилга нисбатан 18 фоизга кўп, дея хабар берди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази.

2023 йилдаги энг юқори кўрсаткичлар май ва октябрь ойларида — сотувлар 156 ва 186 мингтагача машинадан ошганида қайд этилган. 2023 йилда Ўзбекистонда 379 мингта янги енгил автомобиллар сотилди, кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 33 фоизга ўсган.

2023 йилда Ўзбекистонда 333 мингдан ортиқ маҳаллий енгил автомобиль сотилган, бу ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўп. Икки йил ичида маҳаллий енгил автомобиллар ишлаб чиқариш 2021 йилдаги 236 минг донадан 2023 йилда 395 минг донагача, яъни 1,6 баробар ошди. Бундан ташқари, ўзбекистонликлар автомобиль сотиб олиш учун кўпроқ кредит олишни бошлади. Хусусан, 2022 йилда автокредитлар бериш 2,3 баробарга ошиб, 19,6 трлн сўмни ташкил этди.

2023 йилнинг январь-ноябрь ойларида аҳолига 34,6 трлн сўмлик автокредитлар берилди, бу 2021 йилга нисбатан 4,4 баробарга кўп.

Маълумот ўрнида, 2023 йилнинг январь-ноябрь ойларида банклар томонидан 38,4 трлн сўмлик истеъмол кредитлари берилган бўлиб, шундан 90,2 фоизи автокредитлар ҳисобланади. 2022 йилда ҳам деярли худди шундай кўрсаткич бўлган — 90,1 фоиз. Автомобиль сотиб олиш учун ажратилган кредитлар ҳажми икки бараварга ошган — 17,4 трлн сўмдан 34,6 трлн сўмгача (2022 йил январь-ноябрь ва 2023 йил кўрсаткичларини солиштирганда).

Марказий банкнинг 2023 йилнинг биринчи ярмидаги молиявий барқарорлик шарҳида автокредитлаш ҳажмининг ўсишидан хавотирлар билдирилган, уларнинг ўсиши умумий кредитлаш ўсиш суръатларидан бир неча баравар юқори бўлган.

Марказий банк маълумотларига кўра, бу автокредитлашнинг концентрация даражасини оширади, банкларни тебранишларга нисбатан заифроқ қилади ва кредитларни қайтариш интизомининг ёмонлашишига ҳамда инқироз ёки автомобилларнинг эскириши даврида кредитларнинг сезиларли даражада йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, банклар томонидан автокредитлар бериш талаблари юмшатилгани натижасида автокредитлашнинг юқори ўсиш суръатлари автомобиль бозорида талаб ҳажмини қўшимча равишда рағбатлантирди. Ҳозирги юқори талаб ва импорт қилинадиган божхона ставкаларининг юқорилиги шароитида ички таклифнинг чеклангани нархларнинг ошишига ва автомобилларнинг асосий жамғарма активларидан бири сифатида шаклланишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, автомобилларнинг сармоявий жозибадорлиги ошгани сайин спекуляция кучаяди.

Фото: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказиФото: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Автомобиллар импорти

Хорижда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси йил давомида 2,4 баробар ошди ва 46 мингта автомобилни ташкил этди. 2023 йилнинг 11 ойида енгил автомобиллар импорти сезиларли даражада — 2,2 баробар ошди ва 1,56 млрд долларгача (19,4 трлн сўмгача) етди. Автомобиль бозорининг бу сегментида машина импортининг ўсишига асосан божхона тўловларининг камайиши таъсир кўрсатди.

Шавкат Мирзиёев 2022 йил февраль ойида импорт қилинадиган автомобиллар учун божхона тўловларини икки баравар камайтириш бўйича топшириқ берганди. Президент йиғилишда, шунингдек, автомобиллар олиб киришда божхона тўловларини босқичма-босқич нолга тушириш зарурлигини таъкидлаганди.

«Секин-секин божхона тўловлари ноль бўлиши керак. Рақобат бўлиши керак, арзон ва сифатли [автомобиллар бўлиши учун], — деганди Шавкат Мирзиёев.

Иккиламчи бозор

2023 йил давомида Ўзбекистонда ҳайдалган енгил автомобиллар савдоси 12,6 фоизга ўсиб, 1,16 млн донага етди.

Электромобиль бозоридаги вазият

2023 йилда енгил электромобиллар савдоси 4,3 борабарга ошиб, 25,7 мингта электрокарни ташкил этди. Энг кўп электромобиллар (қарийб 71 фоиз) Тошкент шаҳрида, энг кам электрокарлар эса Сурхондарё вилоятида (123 та) сотилди.