2023 йил 20 июль куни Фарғона шаҳар Янги Аср кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган бино ёнидан 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилгани ҳақида хабар берилганди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97 (Қасддан одам ўлдириш), 118 (Номусга тегиш) ва 119 (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганди. Фарғона вилояти судлари ахборот хизмати хабар қилишича, иш бўйича суд бўлиб ўтган.

Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2024 йил 15 январдаги ҳукми билан судланувчи вояга етмаган М.С.га Жиноят кодекси 25, 97-моддаси 2-қисмининг «в, з, о» бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни, номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда бошқа бирор жиноятни яшириш ёки унинг содир этилишини осонлаштириш мақсадида одам ўлдириш), 118-моддасининг 4-қисми (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш), 119-моддасининг 4-қисми билан (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) ушбу кодекснинг 85-моддаси ҳамда 59-моддасининг 3-қисми тартибида 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Судланувчи вояга етмаган Д.А.га Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг «в, з, о» бандлари, 118-моддасининг 4-қисми ва 119-моддасининг 4-қисми билан ушбу кодекснинг 85-моддаси ҳамда 59-моддасининг 3-қисми тартибида 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, судланувчи вояга етмаган Б Х.га Жиноят кодекси 241-моддасининг 2-қисми билан (Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) кодекснинг 62, 84−1-моддалари тартибида 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганлиги маълум қилинади.

Ҳукмдан норози тарафларга шу суд орқали тегишли муддатда Фарғона вилоят судига апелляция тартибида шикоят бериш ҳуқуқи тушунтирилган.