Шавкат Мирзиёев 16 январь куни Европа Иттифоқининг Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Суҳбат аввалида Евроиттифоқнинг юқори мартабали вакили ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан табриклаб, давлат раҳбарига Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Еврокенгаш раиси Шарль Мишелнинг саломини етказди.

ЕИ билан кўп қиррали шерикликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Аввалги йилларда ЕИ президенти Шарль Мишелнинг Ўзбекистонга ташрифи, Марказий Осиё давлатлари ва Евроиттифоқ раҳбарларининг иккита учрашуви, ўзаро боғлиқлик бўйича Самарқанд конференцияси ўтказилган эди.

ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича қўшма йўл харитаси амалга оширилмоқда. «Марказий Осиё-ЕИ» биринчи саммитини Ўзбекистонда ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Январь ойи охирида Брюсселда икки минтақанинг транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга қаратилган йирик Инвесторлар форуми бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ва ЕИ мамлакатлари ўртасидаги савдо ўсиб бормоқда, ўтган йили унинг ҳажми 30 фоизга ошди. Европанинг етакчи компаниялари иштирокида юқори технологик тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. ЕИнинг Ўзбекистон учун савдо преференциялари амал қилиш муддати узайтирилди.

Шунингдек, долзарб минтақавий масалалар, хусусан, Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш юзасидан фикр алмашилди.