16 январь куни Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас Ўзбекистонга амалий ташриф билан келади, дея хабар бермоқда ЕИнинг Тошкентдаги делегацияси матбуот хизмати.

Ташриф давомида Маргаритис Схинас президент Шавкат Мирзиёев, бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ва ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

«Мен Марказий Осиёнинг барча бешта давлатига саёҳатни бошлайман. Ташриф 29−30 январь кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган „Европа — Марказий Осиё“ инвесторлар форуми олдидан бўлиб ўтади ҳамда Европа Иттифоқи ва минтақа ўртасидаги ҳамкорликнинг ортиб бораётганидан далолат беради», — деди у.

Маълумот учун, Маргаритис Схинас бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга икки йил аввал — 2021 йилнинг ноябрь ойида келганди. Еврокомиссия вице-президенти ўшанда давлат раҳбари билан учрашиб, кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган.