Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида Matiz транспорт воситаси ёниб кетди, дея хабар қилди пойтахт ИИББ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 12 январь куни Юнусобод тумани ТҲАЙ-Янги Юнусобод кўчалари чорраҳасида соат 18:00 ларда, ҳайдовчи 1969 йилда туғилган И.Б. бошқарувидаги Matiz автомобилида қисқа туташув содир бўлгани оқибатида, ёнғин келиб чиққан.

Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган. Ёнғин натижасида тан жароҳати олганлар бўлмаган.

Ҳодиса юзасидан ЙҲХБ ҳамда ФВБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилиб, ёнғин юзага келишининг сабабларига аниқлик киритилмоқда, дейилади хабарда.

Бошқарма барча ҳайдовчилардан бошқарувидаги транспорт воситасининг техник созлигига эътиборли бўлишларини сўради.