«Ўзенергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Сирдарё вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида назорат тадбирлари ўтказилди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Хусусан, Боёвут туманида жойлашган «Б.» МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасига тортилган газ қувури кўздан кечирилган. Газ ҳисоблагичдан олдин ер остидан шохобча ҳудудига газ қувури олиб кирилиб, резина шланг орқали табиий газни сотишга йўналтирилган ҳолда ундан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланган.

Бунинг оқибатида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори жами 62 миллиард 488 миллион сўмни ташкил этган.

Истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди, дейилади хабарда.