Президент, Қуролли кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда таъкидланишича, глобаллашув жараёнлари ҳамда одамлар, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги шароитда ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги ислоҳотлар жараёнига йигит-қизларни кенг жалб қилиш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароитлар яратиш муҳимлигига эътибор қаратди, дейилади хабарда.

хавфсизлик кенгаши, шавкат мирзиёев, қуролли кучлар

«Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур», — деди президент.

У замонавий касбларга ўқитиш ва меҳнат фаолиятини бошлаши учун субсидиялар шаклида қўллаб-қувватлаш орқали Қуролли кучлар инфратузилмаси негизида ва мономарказларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишларни кенгайтириш зарурлигини қайд этди.

Шунингдек, ёшларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш мақсадида медиа маконда олиб борилаётган ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги ишларни кучайтириш вазифаси қўйилди.

хавфсизлик кенгаши, шавкат мирзиёев, қуролли кучлар

Мажлисда мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, қўшинларнинг ҳарбий тайёргарлигини ошириш ҳамда ҳарбий илм-фанни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Олий бош қўмондон жанговар тайёргарлик тизимини инновацион ва илмий ёндашувлар асосида такомиллаштириш, ахборот алмашинуви ва қарорлар қабул қилиш бўйича замонавий ҳарбий ва илмий ишланмаларни амалга жорий этиш бўйича топшириқлар берди.

Ўзбекистон миллий хавфсизлигини таъминлашда ахборот ва киберхавфсизлик муҳим вазифалар бўлиб қолади, деди давлат раҳбари.

У Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни рақамлаштиришни жадаллаштириш, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг барча ахборот ресурсларини ягона хавфсиз ахборот маконига бирлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Миллий армия ва аҳоли ўртасида киберхавфсизлик соҳасида огоҳлик хамда рақамли маданиятни ошириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш юзасидан энг муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда мудофаа саноати мажмуасини ривожлантириш, давлат чегараларини қўриқлаш тизимини такомиллаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларни прогноз ва мониторинг қилиш, авария ва техноген ҳалокатларнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича ҳам вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Президент ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолишини қайд этди.