АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) миссияси директори Дэвид Хофман 10 январь, чоршанба куни, журналистларнинг Тошкентдаги ҳаво сифати ёмонлиги ҳақидаги саволларига жавоб берди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар қилмоқда.

АҚШ элчихонаси ҳудудидаги ҳаво сифати датчиги сешанбадан кейин ишламай қолгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан, элчи «Текширишга рухсат беринг», деди ва телефонини очди. Мана шу кундан кейин датчик яна ишлай бошлади.

iqair, тошкент ҳавоси, ҳаво ифлосланиши

Жонатан Хеник.

«Албатта, вақти-вақти билан жиҳозларимиз техник хизмат кўрсатишни талаб қилади, баъзида муаммолар ҳам бўлади. Аммо биз ҳаво сифатини мустақил баҳолашни ва бутун мамлакат бўйлаб ҳаво сифати мониторинги бўйича Ўзбекистон ҳукумати, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш тарафдоримиз», — деди Жонатан Хеник.

«Бу барча ҳукуматлар учун жиддий муаммо», — деб давом этди у. «Бу — давлат, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ҳаракатини талаб қиладиган масала. Ўйлайманки, агар биргаликда ишласак, келгуси йилларда ҳаво сифати яхшиланишини кўришимиз мумкин».

Элчининг сўзларига кўра, бу босқичда, энг муҳими, «ҳавони ифлослантирувчи манбалар нима экани, шунингдек, ушбу муаммони ҳал қилиш учун қандай чоралар ва инвестициялар зарурлиги ҳақида тасаввурга эга бўлишдир». «Менимча, муаммони ўрганиш учун кўпроқ иш қилиш мумкин», — деди у.

Аммо ҳукумат бу муаммони ёлғиз ўзи ҳал қила олмайди, дея давом этди элчи. «Мен Ўзбекистоннинг барча фуқароларини буни шахсий муаммо сифатида қабул қилишга чақирган бўлардим, чунки бу ҳаммага — сизга ҳам, оилангизга ҳам, фарзандларингизга ҳам тегишли муаммо. Шунинг учун бу муаммо билан шахсан қизиқиш ва ҳукуматни муаммони ўрганишга ва зарур чораларни кўришга ундаш керак», — дея таъкидлади Жонатан Хеник.

USAID ваколатхонаси раҳбари Дэвид Хофман вазиятни яхшилаш учун ҳам ҳукумат, ҳам фуқаролик жамияти саъй-ҳаракатлари зарур, деган фикрга қўшилди.

«Мен Тошкентда яшайман, кичик ёшдаги болаларим бор. Шу боис айтишим мумкинки, Тошкентда яшайдиган кўпчилик қатори мен ҳам ҳаво сифати билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бораман ва ҳаво тоза бўлиши учун ўзим ҳам, оилам ҳам чора кўришга ҳаракат қиламиз», — деди миссия раҳбари.

iqair, тошкент ҳавоси, ҳаво ифлосланиши

Дэвид Хофман.

«Албатта, мен Тошкент ҳавосини тозалашга ёрдам берадиган ҳар қандай чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайман. Мисол учун, бу жамоат транспортидан фойдаланишни ошириш бўйича ҳукумат чораларини ўз ичига олиши мумкин. Агар бирор жойга пиёда ёки машинада бориш ўртасида танлов бўлса, мен ва оилам пиёда юришни афзал кўрамиз. Шундай қилиб, ҳаво сифатини яхшилашга кичик ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз. Албатта, IQAir каби объектив манбалардан кўриб турганимиздек, Тошкентда ҳали қилинадиган ишлар кўп», — деди Дэвид Хофман.

Жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятини яхшилаш ва жамоат транспортига сармоя киритиш билан бир қаторда, расмийлар тартибга солиш ва режалаштиришга, хусусан, бизнес ва саноатга эътибор қаратишлари керак. «Мен ҳаво сифати бўйича мутахассис эмасман, оддий фуқароман ва бошқалар каби ҳаводан нафас оламан, лекин булар биз дунё бўйлаб кўрган амалиётлардан ҳисобланади», — деди у.

«Бу масала, масалан, Лос-Анжелес каби мен яшаган шаҳарларда ҳам долзарб эди: 1970−1980-йиллардаги даҳшатли тутун. Ҳукуматнинг ҳам, фуқаролик жамиятининг ҳам саъй-ҳаракатлари вазиятни яхшилашга ёрдам берди — идеал эмас, лекин 20−30 йил олдингига қараганда ҳозир анча яхши. Тошкентда ҳам худди шундай чоралар кўрилмаслиги учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман», — деди Дэвид Хофман.